Маърифатли инсонларни бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатишимиз керак

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 20 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари бўйича ўтқазилган видеоселектори йиғилишидаги фикрларни тинглаб, ҳақиқатдан ҳам бугунги ва эртанги кунимиз, ҳаётимиз фаровонлиги учун маънавият масаласи ниҳоятда муҳимлигини ҳис этдим.

“Тарбияда танаффус бўлмайди”, дейди ҳалқимиз. Лекин маънавий-маърифий ишлардаги узвийлик ҳозирча бундай эмас. Бугунги кунда мактаб, боғча, олий таълим ҳамда маҳаллалар бу борада алоҳида-алоҳида иш олиб бораётгани бор ҳақиқат.

Шунинг учун ҳам мактаб, ўрта-махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишларнинг мутлоқ янги тизимини ишлаб чиқиш, самарадорликни ошириш бўйича бир қатор кўрсатмалар берилди.

Бугун, фарзандларимизни билимли, фазилатли, маънавиятли ва маърифатли этиб тарбиялашда, таълим муассасалари учун методик ёрдам, тегишли адабиётлар билан таъминланиши зарур.

Ўйлаб кўрсак, маҳалла деб аталмиш гўшада қандайдир ички илиқлик, сеҳр бор. Маҳалланинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир оилага кириб келган фарзандимиз, янги туғилган чақалоққа гувоҳнома олиш, ёш оилаларни бошини қовуштириш учун ҳам маҳаллага борилар эди.

Ўзим шахсан гувоҳи бўлганман, мен туғилиб ўсган жой ҳам оддий қишлоқ, “раис бобо келаяпди”, деса, биз ёшлар олдига чиқишга ийманганмиз. Бу маҳалла раислари ҳурматга сазовор инсонлар бўлганлигидан далолат беради. Бир эслаб кўрайлик, бир вақтлар қишлоқларимизда тўй-маъракалар бўладиган бўлса, раис бобомизнинг розилиги, иштирокисиз ўтказилмас эди. Қайсидир хонадонда ҳашар бўладиган бўлса ҳам раис бобонинг олдига борилар эди, “ҳамма ҳашарга” дейилса, бир оиланинг мушкули осон бўларди.

Ўғирлик, қўни-қўшнилар ўртасидаги тортишув, қўйингки, кўплаб катта-кичик масалалар маҳалла таъсири билан ечим топарди.

Маънавият, маданият нуқтаи-назаридан охирги пайтларда маҳалладан узоқлашиб кетмаяпмизми, деган савол ҳақида чуқур ўйлаб кўришимиз керак.

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. “Бир зиёли-бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлиларни бириктириш таклиф этилди. Бу механизмни амалга ошириш учун ҳар биримиз маҳалламизда фаол иштирок этишимиз зарур. Масъуллар ўзи билан оввора бўлиб, қолганлар ўзини четга тортса, маҳаллада маънавий муҳит яхшиланиши қийин бўлади.

Бунинг учун зарур инфратузилма яратилиши назарада тутилмоқда. Ҳудудларнинг марказларида намунавий лойиҳалар асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Ҳудудларда маънавий-маърифий ишлар фаолияти самарадорлигини ошириш, адабиёт ва китобхонликни ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши қайд этилди.

Маънавий муҳит яхшиланиши учун, ўйлайманки, маҳаллалардаги маърифатли инсонлар ва намунали оилаларни бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишимиз зарур.

 

Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш