Тизим шаффоф ишлашини парламент ва депутатлар назорат қилади

 

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазият бутун дунёда нафақат соғлиқни сақлаш тизимини, давлат ва жамиятнинг турли тузилмаларини жиддий синовдан ўтказди.

Шундай қийин даврда Президентимиз томонидан вазифалар аниқ ва қатъий белгилаб берилиши натижасида давлат ва жамиятда жипслик ҳамда ижтимоий барқарорлик таъминланди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятимизда кечаётган барча жараёнларнинг танқидий таҳлили асосида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича стратегик йўналишларни белгилаб берди.

Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгаш депутатлари давлат бюджети маблағларининг мақсадли ва манзилли ишлатилиши бўйича шаффоф тизимда фаол иштирок этиши долзарб аҳамиятга эга. Албатта, бу жараёнда сиёсий партиялар, уларнинг барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ўз сайловолди дастурларига мувофиқ равишда амалий натижа ҳамда қатъий позиция кўрсатиши муҳим.

Тиббиёт соҳасини ривожлантиришга доир тизимли вазифаларни бажариш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат янги Парламент комиссияси ташкил этилди. Унинг таркибига барча сиёсий партиялар фракциялари вакиллари киритилди. Сайловолди дастурларидан келиб чиқиб, комиссия фаолиятини самарали ташкил этишга Халқ демократик партияси фракцияси ҳам масъул бўлди. Айтиш керакки, бу борада фракциямиз катта масъулиятни зиммасига олди.

Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан белгиланган вазифалар ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга доир чора-тадбирлар режаси 6 та йўналиш бўйича ташкиллаштирилади.

Жумладан, санитария-эпимедилогия хизмати сифатини ошириш, унинг моддий техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга давлат бюджетидан 200 миллион доллар маблағ ажратилиши белгиланган.

Ушбу масалада парламент назоратини ташкил этиш мақсадида депутатлар томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда унинг моддий-техник базасини яхшилаш ишлари ҳолати, лабораторияларнинг ишлаши, зарур тиббий воситалар билан жиҳозланиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилади.

Унинг натижалари бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилади. Ўрганиш якунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларида тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокида муҳокама қилинади. Вазифалар ижроси юзасидан Парламент комисссиясига якуний ахборот киритилади.

Мурожаатномада белгиланган ҳар бир вазифа бўйича парламент назорати қуйидан юқоригача бўлган тартибда тизимли ташкил этилади.

Карантин чоралари татбиқ қилинган вақтда соғлиқни сақлаш тизимининг баъзи муассасаларида маблағларни талон-тарож қилиш ҳоллари юз берди. Бундай қонунбузарликларни олдини олиш, давлат бюджетидан ажратилган маблағни самарали ишлатиш, хориждан сотиб олинадиган лаборатория жиҳозларини танлашда уларнинг сифати, кафолатига алоҳида эътибор берилиб, жойларга тақсимланишида ҳам депутатлик назорати ўрнатилиши зарур.

Соғлиқни сақлаш тизимида масофадан туриб тиббий ёрдамни ташкил этиш, соҳага рақамлаштиришни татбиқ этиш бугунги кунда долзарб масала эканлигини кўрсатди.

Айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига ўз вақтида малакали тиббий ёрдам ташкил этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа этиб белгиланди. Бунинг учун рақамли дастурлар миллий базасини яратиш, барча ҳудудларда бу тизимдан эркин фойдаланиш имконияти таъминланиши зарур.

Соҳани ривожлантириш режалари Парламент комиссияси иштирокида тузилиши ва доимий мониторинг олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Иш шундай ташкил этилиши лозимки, ундан аҳоли ҳам, соҳа ходимлари ҳам манфаатдор бўлишлари лозим.

Болаларнинг мукаммал ривожланиши, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёллар ва 15 ёшгача бўлган болаларни
7 номдаги дори-дармонлар билан бепул таъминлаш йўлга қўйилади.

Бу тизимни илмий асосда, самарали ташкил этиш учун албатта ҳудудлардаги ҳолат инобатга олиниши, ажратилган маблағлар мақсадли ишлатилиши назорати маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида амалга оширилиши керак ва бажарилган ишлар натижалари Кенгаш сессияларида муҳокама қилиниши зарур.

Бу ўринда дори-дармонларни сақлаш учун зарур шароитлар яратиш, амалиётда кўзбўямачиликка, бажарилмаган ишни бажарилди, деб ҳисобот бериш ҳолатларига қатъий баҳо берилиши зарур.

Бажарилган ишлар бўйича барча маълумотлар жамланиб, парламент комиссиясида таҳлил қилиниши ва хулоса берилиши режалаштирилмоқда. Кўзланган мақсад эса аҳоли ўртасида камқонлик касаллигини 25 фоизга камайтириш билан саломатлик кўрсаткичини яхшилашдир.

Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган тиббиёт тизими бу бирламчи тиббий ёрдам муассасаларидир. Агар бу тизимда иш тўғри ташкил этилса, албатта, шифохоналар ва ихтисослашган марказларга юклама камайиб, ахоли эътирозларига ўрин қолмайди. Бу мақсадда оилавий шифокор лавозими татбиқ этилиб, унга 5 нафардан иборат ҳамширалар бириктирилади. Ҳамширалар махсус таёргарликдан ўтказилиб, акушерлик, педиатрия ва терапия соҳалари бўйича ихтисослашади.

Аҳолига бирламчи тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида ҳудудлар кесимида ташкил этиладиган оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларини жойлаштириш масалалари, албатта, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида ҳал қилиниши зарур, деб биламиз.

 Шунингдек, барча даражадаги тиббий муассасаларда кўрсатиладиган давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини аниқлашда, аввало, аҳоли талаблари ўрганилади ва муҳокамаларда Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирок этади.

Маълумки, врачлар етишмайдиган ҳудудларга бориб, тиббий хизмат кўрсатувчи мутахассисларга бир марталик 30 миллион сўмдан рағбат пули ва турар жой билан таъминланиши кафолатланмоқда. Бу маблағлар тўғри тақсимланиши ва мутахассисга зарур шароит яратилиши ҳам маҳаллий Кенгаш назоратига олиниши лозим.

 Ушбу ҳудудларда тиббий хизматни сифатли ташкил этиш мақсадида давлат шерикчилик тамойилига кўра хусусий тиббиёт муассасаларига субсидиялар ажратиш ҳам назарда тутилмоқда, Тиббиёт соҳасида соғлом рақобатни ташкил этиш орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати яхшиланади.

Ахолимизнинг маълум қисми даволаниши қийин бўлган турли касалликлардан азият чекмоқда, аммо уларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам талабни қондирмоқда, деб айта олмаймиз.

Шу сабабли қон касалликлари, гемодиализга муҳтож бўлган буйрак етишмовчилиги билан кечадиган касалликлар, онкологик касалликлар, эндокрин касалликлар билан оғриган беморларни даволаш ишлари сифати ва кўламини ошириш учун алоҳида маблағлар ажратилмоқда.

Бу эса зарур дори-дармонлар, гемодиализ ускуналари сотиб олиш имкониятини яратади. Бу ўринда ҳам барча жараён шаффоф амалга оширилишини таъминлаш ўта муҳим. Харажатлар ва уларнинг самараси ҳақида парламент комиссиясига тизимли равишда маълумотлар киритиб борилиши йўлга қўйилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ўлим ҳолатлари сабабининг асосий қисмини ўткир юрак ва қон томир касалликлари ташкил этади. Агар беморларга маълум вақтда зудлик билан зарур ёрдам кўрсатилса, уларнинг ҳаёти ва иш қобилиятини сақлаб қолиш имконияти мавжуд. Шу мақсадда туманлараро қон-томир касалликлари марказлари ташкил этиш режалаштирилган. Уларни ташкил этиш бўйича меъёрий ҳужжатлар яратиш, жойлаштириш, муаммоли масалаларни ечиш бўйича маҳаллий Кенгашларда муҳокамалар ўтказилиб, парламент комиссиясига мунтазам маълумотлар киритиб борилади.

Соғлиқни сақлаш тизимини янги тамойилга ўтказиш мақсадида 2021 йилда Сирдарё вилоятида тажриба-синов лойиҳаси ўтказиш режалаштирилган. Вилоятда тиббиётни суғурта тизимида ташкил этиш ва унинг натижаларини ўрганиш мўлжалланмоқда. Тиббий суғурта тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан депутатлар ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга.

2021 йилдан бошлаб оилавий шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлиги бўйича янги рейтинг тизими жорий қилиниши ҳамда унинг натижаларига кўра ушбу ходимлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши режалаштирилган. Янги тизим ижросини ўрганиш ва таҳлиллар якунларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама қилиш натижалар ва муаммолар юзасидан ҳудудлар соғлиқни сақлаш, молия бошқармалари ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ахборотлари эшитилиши тизимни иш сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Соғлиқни сақлаш тизими бўйича Мурожаатномада белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш нафақат мутасадди ташкилотлар, шу билан бирга, парламент, маҳаллий Кенгашлар фаолиятидаги асосий йўналишлардан бирига айланади.

 

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат
← Рўйхатга қайтиш