Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш эътибор марказида

Бугун ЎзХДП Марказий Кенгашида “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш” мавзусида онлайн шаклда давра суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, партия Марказий Кенгаши масъуллари, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Кўз ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти ва Ўзбекистон ногиронлар Ассоциацияси вакиллари иштирок этишди.

Меҳр-мурувват кўрсатиш, муҳтожларга ёрдам бериш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш каби эзгу фазилатлар турмушимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Шундан бўлса керак, ногиронлиги бор шахсларга эътибор кўрсатиш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш устувор ва муҳим масалага айланди. Бу айниқса, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамиятда инсонийлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида давлат томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли дастурлар, жамоат тузилмаларининг ташаббусларида ўз ифодасини топмоқда.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар дастлаб ана шу масалалар ҳақида тўхталиб, мамлакатимизда кучли ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятига эътибор қаратишди.

Қайд этилдики, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини қўллаб-қувватлашга эътибор янада кучайтирилди, ижтимоий ҳимояга нисбатан ёндашув бутунлай ўзгарди. Инсон қадр-қиммати, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар масалалари доимий диққат-эътиборда бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, жамиятга интеграция қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бундан 3 ой олдин яъни, 2020 йил 15 октябрда Президентимиз томонидан «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги янги қонун имзоланган эди. Ушбу қонун шу йилнинг 16 январидан расмий кучга кирди.

Сўзга чиққанлар ушбу қонуннинг аҳамиятли томонларига алоҳида тўхталиб ўтишди. Таъкидландики, бу қонунни ҳақли равишда миллий қонунчиликнинг ютуғи, деб ҳисоблаш мумкин. Чунки илк бор ногиронлик ижтимоий ҳимоя ёки тиббиёт муаммоси эмас, балки биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари муаммоси сифатида таърифланди.

– Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 760 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов. – БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясининг халқаро стандартлари ва талабларини, шунингдек, “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамасидан фойдаланишни назарда тутувчи “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун катта ҳуқуқий майдон яратди.

Муҳим янгиликлардан яна бири шуки, илгари қонунчилигимизда бўлмаган «ногиронлик белгисига кўра камситиш» тушунчасидир. Янги қонуннинг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра, камситилишга йўл қўймаслик тамойили яъни ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланиши акс этди.

Шунингдек, янги Қонунда яна бир энг муҳим ижтимоий масала кўтарилган. Яъни давлат ногиронлиги бўлган шахсларга ва ўз таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оилаларга уй-жойни қулай нархлар бўйича олиш учун зарур шарт-шароитлар ҳамда имкониятларни таъминлайди, деб белгиланган. Бу ўз навбатида, уй-жойга ёки уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларга яратилаётган яна бир ижтимоий муаммонинг ҳал этилишининг ҳуқуқий механизмидир.

Давра суҳбатида, шунингдек, шу пайтга қадар ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда бир қатор муаммолар бўлгани, қонун орқали эндиликда бу масалалар ечимини топиши алоҳида таъкидланди. Қонунга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш бўйича харажатларга доир мажбуриятларни молиялаштириш, шу жумладан, уларни тайёрлаш ва таъмирлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Демак, ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез-ортопедия мосламалари ва уларни реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш имкониятлари янада кенгаяди.

Давра суҳбатида, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси М.Ворисова, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги раҳбари ўринбосари Б.Каримов, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси К.Абдуллаев, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти раиси ўринбосари А.Абдуллаев, Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси раҳбари О.Исоқов сўзга чиқиб, ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашда учраётган муаммолар ҳақида гапириб ўтишди. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳақиқатан ҳам ҳимоя қилиши учун қандай чоралар кўриш кераклиги бўйича таклифлар билдирилди.

Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши, ижтимоий объектларга эмин-эркин кириб чиқиши учун шароит яратиш масаласида партия кенгашлари, депутатлар ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда назорат-таҳлил ишларини кучайтириши кераклигига эътибор қаратилди. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган тиббий хизматларнинг жойларда вақтида ва самарали кўрсатилиши, уларни протез-ортопедия воситалари билан таъминлаш, жамоат транспортларини мослаб жиҳозланишига эътиборни кучайтириш кераклиги айтилди.

Таклифлар умумлаштирилиб, ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш