Парламент назорати: Навоий вилоятида соғлиқни сақлаш соҳасида қандай муаммолар бор?

 

Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Бу бужизга эмас, албатта. Чунки аҳоли соғлиғини муҳофаза қилмасдан туриб, бошқа соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлаб бўлмайди. Фақат соғлом инсонгина жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлик билан яшайди, яратиш, бунёдкорлик ишларига бош қўшади.

Яқинда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга доир тизимли вазифаларни бажариш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат янги Парламент комиссияси ташкил этилди.

Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан белгиланган вазифалар ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга доир чора-тадбирлар режасига мувофиқ бир гуруҳ депутатлар хизмат сафари билан Навоий вилоятига боришди. Хусусан, ўрганишлар вилоятнинг Навоий шаҳри, Конимех, Навбаҳор туманларидаги тиббиёт муассасаларида олиб борилди.

Маълум бўлишича, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш муассасалари сони 104 та бўлиб, шундан, қишлоқ врачлик пунктлари сони 55 та, қишлоқ оилавий поликлиникалари сони 35 та, шаҳар оилавий поликлиникалар сони 4 та, кўп тармоқли марказий поликлиникалар сони 10 тани ташкил этмоқда.

2020 йилда вилоят соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан 512,4 млрд. сўм маблағ ажратилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробарга(2019 йил 9 ойида 274,6 млрд.сўм) ошган.

Ўрганишлар давомида тез тиббий хизматнинг бугунги кундаги аҳволи, шифохоналарда, ҚОПларда беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, оилавий шифокор поликлиникаларни ташкил этилиши, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда унинг моддий-техник базасини яхшилаш ишлари ҳолати, лабораторияларнинг ишлаши, зарур тиббий воситалар билан жиҳозланиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Шунингдек, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш орқали соғлиқни сақлаш тизимида масофадан туриб тиббий ёрдамни ташкил этиш, соҳага рақамлаштиришни татбиқ этиш бугунги кунда долзарб масала эканлигини кўрсатди. Айниқса, бугунги пандемия шароитида ушбу тизимни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келди.

Шу билан бирга, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилганидек, болаларнинг мукаммал ривожланиши, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёллар ва 15 ёшгача бўлган болаларни 7 номдаги дори-дармонлар билан бепул таъминлашни бугунги кундан қолдирмай самарали ташкиллаштириш йўлларини ишлаб чиқиш зарур.

Бугунги кунда вилоятнинг энг оғриқли нуқтаси, тизимда салоҳиятли кадрларнинг етишмаслиги ҳисобланади. Бугунги кунда вакант ўринлар 144 тани ташкил этмоқда. Мазкур ҳолат таҳилил қилинганда, кадрлар етишмовчилиги асосан Зарафшон шаҳри, Томди, Конимех ва Нурота туманларида юқори бўлиб қолмоқда.

Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида, Соғлиқни Сақлаш вазирлиги Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда шундай ҳудудларни ҳамда вакант ўринлар нисбатан юқори бўлган жойларни аниқлаб, шу ерда истиқомат қилувчи ёшларга медицина институтига киришда алоҳида квоталар ажратилиш тартибини ишлаб чиқиш керак, деб ўйлайман.

Бир нарсани унутмаслигимиз лозим, фуқароларнинг ўз ҳаёт шароитларидан розилигини белгиловчи энг муҳим мезонлардан бири бу – уларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигидадир. Бунинг учун эса тизим етарли даражада кадрлар билан таъминланиши зарур. Қулай бинолар, замонавий асбоб-ускуналар бор тиббий муассасаларда малакали ходимлар ишламаса, тиббий хизматдан одамларни рози қилиш имконсиз.

Юқоридаги камчиликларга қарамай, вилоятда тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Буни эса биз бевосита аҳоли вакиллари ҳамда хонадонларга бориб, улар билан бўлган суҳбатларимизда амин бўлдик.

Вилоятда мавжуд 9 та тез тиббий ёрдам станцияларива 41 та таянч пунктларининг барчаси жорий таъмирланиб, CALL-маркази белгиланган жиҳозлар билан бутланган. Барча тез тиббий ёрдам бригадалари етарли даражада тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланган.

Шунингдек, тизимда 10 та реанимобиллар ҳамда 10 та тез ёрдам транспортлари билан таъминланиб, махсус транспортлар сони 99 тага етказилиб, тез ёрдам бригадалар сони 70 тага етказилган.

Бунинг натижасида, тез тиббий ёрдамнинг ўз вақтида етиб келиши, етарли бирламчи дори-дармон билан таъминланганлиги ҳам фуқаролар томонидан ижобий баҳоланди.

Шунингдек, шифохоналарда ҳам бирламчи дори-дармон билан таъминланиш, тозалик, тиббиёт ходимларининг хушмуомалалиги ҳам беморлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Умуман, вилоятнинг энг чекка қишлоқларида ҳам қалин қор ёққани, ҳавонинг совуб кетганига қарамай аҳолининг кайфияти аъло даражада, ислоҳотларга муносабати ҳам ижобий. Айниқса, тиббиёт соҳасини ривожлантиришнинг янги босқичга олиб чиқилганидан миннатдорлик туйғуси жуда юқори эканлигидан хурсанд бўлдик. Чақирувлар вақти қисқариб, қишлоқнинг олис-яқинлигига қараб, тез тиббий машиналари 10-20 минут оралиғида етиб келаётгани барча респондентлар томонидан эътироф этилди.

Ўрганишлар давомида Конимех тумани марказида жойлашган ремонт талаб Қишлоқ оилавий поликлиникасини бу йилги дастурга киритиш зарурлиги, вилоят ҳокими томонидан маъқулланди.

Ўрганиш натижалари бўйича асослантирилган таклифларимизни ишлаб чиқиб, вазифалар ижроси юзасидан Парламент комиссиясига якуний ахборот киритишни режалаштирдик.

 

Дилбар Мамажонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш