Жамиятда фаол аёллар тобора кўпаймоқда

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги А.С.Пушкин номли кутубхонада “Давлат хизматида гендер тенгликни таъминлаш” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши аёл депутатлари шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритиб келаётган хотин-қизлар, раҳбар аёллар ҳамда олий таълим муассасалари талаба-қизлари иштирок этди.

Вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари, сиёсий партиялар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, уларнинг малакасини босқичма-босқич ошириш, шахсий ва касбий жиҳатдан ривожлантириш, умуман, гендер тенгликка эришиш масалалари мулоқотнинг бирламчи мақсади сифатида атрофлича муҳокама қилинди.

Даставвал агентлик ҳудудий филиали раҳбари томонидан давлат хизматидаги хотин-қизлар бўйича таҳлилий маълумотлар, заҳрага олинган номзодлар билан ишлаш тартибига оид маълумотлар берилди. Шунингдек, давлат хизматида аёл раҳбарлар камлигининг сабаб ва оқибатлари, бу борада улар дуч келаётган муаммолар очиқ айтилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, вилоятдаги 7200 нафар давлат фуқаролик хизматчиларининг 1224 нафарини (17,1%) хотин-қизлар ташкил этмоқда. Шундан атиги 158 нафари(11,6%)ни раҳбар аёллар ташкил этади. Улар ҳам асосан мактабгача таълим, давлат хизматлари агентлиги ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларида фаолият юритади. Булунғур, Нуробод, Иштихон ҳамда Нарпай туманлари ҳокимликларида эса хотин-қиз раҳбар ходимлар фаолият юритмаслиги аниқланди .Бу бўйича Ўзбекистон ХДП ва бошқа партиялар депутатларидан ишчи гуруҳи тузилиши белгиланиб олинди.

Тадбир сўнггида агентлик филиали томонидан фаол хотин-қизлар билан узвий алоқани ўрнатиш, уларни келгусида раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, мунтазам учрашувлар, очиқ мулоқотлар ўтказиш, гендер тенгликни таъминлашдаги муаммоларга биргаликда ечим топиш режалаштирилди.

 

Исломбек Умиров,

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши сектори мудири.

 
← Рўйхатга қайтиш