ЎзХДП фракцияси сайловга оид қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади

 

2021 йил 25 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партиясининг фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Депутатлар томонидан “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидландики, бугунги кунда миллий сайлов қонунчилигимизни такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштириш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтариш, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилаш кечиктириб бўлмайдиган асосий вазифалардан бири. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурати мавжуд.

Шуларни инобатга олиб, қонун лойиҳасида халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилиги янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор асосий ва муҳим масалалар назарда тутилмоқда. Хусусан, 2020 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлар асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида сайловлар муддатларини октябрь ойига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Депутатларнинг таъкидлашича, сайловларнинг декабрь ойида ўтказилиши сайловлардан кейинги сиёсий тадбирлар, жумладан, парламент биринчи мажлисини ўтказиш, Ҳукуматни шакллантириш, Давлат Раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси янги йилнинг биринчи чораги охирига қадар чўзилишига олиб келиб, натижада Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотлар кечиктирилишига сабаб бўлади.

Қатор хорижий давлатларнинг байрамлари арафасига тўғри келиши сабабли жаҳон миқёсида обрўга эга бўлган халқаро кузатувчиларнинг сайловда иштирокини таъминлашда муайян қийинчиликларни вужудга келтиради. Шунингдек, декабрь ойи қиш мавсумига тўғри келиши сабабли сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш ва унда сайловчиларни жалб этишда қатор ноқулайликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Таклиф этилаётган янги таҳрирга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши назарда тутилмоқда.

ЎзХДП фракция аъзолари сайлов жараёнларининг энг фаолликни талаб қиладиган даври декабрь ойига тўғри келиши кўплаб қийинчилик ва ноқулайликлар туғдириб келаётганини таъкидлашиб, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни қўллаб-қувватлашларини билдиришди.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги ушбу масала юзасидан фракция позицияси белгиланди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш