Давлат дастурига таклифлар: халқ вакилларининг аниқ вазифалари белгиланиши керак

 

Маълумки, айни кунларда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш ва бошқа йўналишларда фуқаролардан қатор таклифлар билдириляпти.

Қайд этиш ўринлики, давлат дастури лойиҳасида ижтимоий соҳаларга устувор аҳамият берилаётгани, бу борада амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилаётгани партиямизнинг дастурий мақсадларига тўла мос келади.

Маълумки, бола дунёга келганидан бошлаб, айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик, жисмоний хислаталари шаклланади. Таъкидлаш керакки, давлатимиз томонидан мактабгача таълимни ривожлантириш стратегик мақсад даражасига кўтарилган.

Аввало, маҳаллий кенгашлар депутатларига мактабгача таълим қамровини оширишда алоҳида масъулият юклаш зарур. Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасаларининг шароити, моддий техник аҳволи халқ вакилларининг назоратида бўлиши зарур, деб ўйлайман.

Кейинги йилларда халқ вакиллари — депутатларнинг мактаблар билан ҳамкорликдаги фаолияти йўлга қўйилди. Таълим сифати, мактаблардаги шароитлар, ўқитувчиларнинг билим ва савияси юзасидан жамоатчилик назоратини олиб боришда, мактаб фаолиятига ота-оналарни ҳам яқиндан жалб қилишда, маҳаллий кенгашлар депутатлари ташаббускорлигида яхлит тизим ишлаб чиқилиши ва давлат дастурида унинг вазифалари белгилаб берилиши зарур.

Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, тиббиёт ходимларининг малакасини, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланиши лозим. Бу вазифаларни амалга оширишда жамоатчилик назорати, хусусан, маҳаллий кенгашлар депутатларининг ўрнини белгилаб берувчи бандлар киритилиши керак.

Давлат дастури лойиҳасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Саломатлик энг аввало, она ва бола соғлигидан бошланади. Она ва бола соғлигига эътиборни кучайтиришга хизмат қилувчи алоҳида вазифалар белгиланиши лозим.

Бунда тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни янги босқичга кўтариш зарур.

Ҳозирги шаффоф, халқ билан узлуксиз мулоқотга асосланган ислоҳотлар жараёнида депутатлар, хусусан, маҳаллий кенгаш депутатларининг давлат дастури бандларини ҳаётга тадбиқ этишда алоҳида фаоллиги талаб этилади. Зотан, улар халқ вакилларидир.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Давлат дастурига таклифлар
← Рўйхатга қайтиш