Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида жамоавий спорт тадбирларини ўтказишга қаратилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жойларда “Спорт бизни бирлаштиради!” шиори остида спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Куни кеча Оҳангарон шаҳрида хотин-қизлар ўртасида волейбол мусобақаси ташкил этилди. Мусобақада шаҳардаги умумтаълим мактабларининг ўқитувчи ва педагог ходимлари, мактабгача таълим муассасалари жамоалари ва Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ёшлари ўртасида волейбол мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтди. Якунда Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ёшлари ғолибликни қўлга киритди.
– Тадбир кескин бахслар остида ўтди, – дейди тадбир иштирокчиси, халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгаши депутати Зиёд Эркабоев. – Мусобақада жамоалар вакиллари бир тану бир жон бўлиб беллашдилар. Иштирокчиларнинг ўзаро ҳурмат ва бир-бирларини қўллаб-қувватлаган ҳолда ўтган ўйинлар спортга ошно қиз-аёлларга ҳам уларга ишқибозлик қилганларга ҳам олам-олам қувонч бағишлади.
Мусобақанинг ғолибларига партиянинг Тошкент вилоят кенгаши ҳамда депутатларнинг эсдалик совғалари топширилди.
***
Шунингдек, Ўзбекистон ХДП Жиззах шаҳар кенгаши ва партия депутатлик гуруҳининг ташаббуси билан "Биз ёшлар — соғлом турмуш тарафдоримиз" шиори остида ёшлар ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича партия ва меҳнат фахрийси Эргаш Жўрабоевнинг хотирасига бағишлаб спорт мусобақаси ўтказилди.
Мусобақа натижаларига кўра, “Сангзор” МФЙ футбол жамоаси фахрли биринчи ўринни, “Улугбек” МФЙ футбол жамоаси иккинчи ўринни ва “Кимёгар” МФЙ футбол жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиб жамоаларга ҳамда ташкилотчиларга диплом, ташаккурнома ва қимматбаҳо совринлар, партия логотипи акс эттирилган совғалар топширилди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати