«Маҳаллабай» ишлаш бўйича янги тизимни ташкил этиш — камбағалликни қисқартиришнинг муҳим омили

 

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 26 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда камбағалликни бартараф этиш муаммосини ҳал этиш учун «маҳаллабай» ишлаш бўйича янги тизимни ташкил этиш масаласини стратегик вазифа сифатида кун тартибига қўйди.

Бу тизимга жалб қилинадиган мутахассисларнинг билим ва имконияти масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, 20 мингдан ортиқ ходимни ўқитиб, уларга масалани жойида ҳал этиш бўйича барча ваколатларни бериш, Давлат бошқаруви академиясида маҳалла раислари ва мазкур тизимда иштирок этадиган барча ходимлар учун ўқувлар ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Президентимиз барча даражадаги раҳбарларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, уларни ривожлантириш кераклигини таъкидлади.

Жумладан, 2021 йилда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд кесимида иқтисодий ўсишнинг қўшимча манбаларини топиш, камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш, хизматлар соҳасида ишга солинмаган имкониятларни тўлиқ сафарбар этиб, ҳудудларда сервис шохобчаларини кўпайтириш, янги замонавий хизмат турларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Бу борадаги муаммоларни ижобий ҳал этишга хизмат қиладиган янги ғоя олдинга сурилмоқда, яъни иқтисодий комплекс таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг ўрта ва қуйи бўғинини маҳаллагача тушиб, аҳолига яқинлашган иш тизимини йўлга қўйилмоқда. Натижада маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади, ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга асбоб-ускуна харид қилиш учун молиявий кўмак ажратилади.

Жорий йилдан тўлиқ ишга тушадиган бу каби ноёб тизим бандлик, барқарор даромад манбаларини яратиш масалалари самарали ҳал этилишига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.

Йиғилишда таъкидланганидек, ривожланган мамлакатлардагидек камбағалликни қисқартиришга комплекс ёндашув энг мақбул ечимдир. Шунинг учун бу йил иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 
← Рўйхатга қайтиш