“Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор”

 

Бугун мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлаш, уларга яхши меҳнат шароитларини яратиш, касб-ҳунарли қилиш, таълим сифатини ошириш, давлат ва жамиятга етук кадрларни етиштириб бериш долзарб вазифа этиб белгиланди.

Бу йўлда барча имкониятлар сафарбар этилиб, ёшларга кенг имкониятлар очиб берилмоқда. Маҳаллалар кесимида “Ёшлар дафтар”лари шакллантирилиб, ишсиз ёшлар меҳнат бозорида талаби юқори бўлган касбларга ўқитилмоқда.

Президентимиз 2020 йил 25 декабрдаги Ёшлар Форумида “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафардан тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшларни бириктириш юзасидан хайрли ташаббусни эълон қилган эди. Шунга мувофиқ, Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят ва Қарши шаҳар кенгашлари ҳамкорлигида “Ёшларга кўмак” лойиҳаси доирасида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Саломат Камилова раҳбарлигидаги “Қарши мебель” корхонасининг фаолияти билан яқиндан танишдик.

Намунали депутат ҳамда мебель ишлаб чиқариш соҳаси тадбиркори бўлган С.Камилова йил бошидан 40 нафар ёшларни иш билан таъминлади.

Бу йил корхонада вилоятдаги мактабгача таълим муассасалари ҳамда ўрта таълим мактаблари учун стол-стул, компьютер ҳамда лабаратория ускуналари учун стол, стуллар, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари-нинг маърифат хоналари учун курсилар ясаб берилмоқда. Бунга албатта ишчи кучи талаб этилади.

Асосан Қарши шаҳридаги “Батош” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ёшлар ва хотин-қизлар ишга жалб этилиб, корхонада ишлар 2 сменада ташкил этилган. Ишчи-хизматчилар учун барча шарт-шароитлар ташкил этилиб, ойлик маошлари иш кўламига қараб 3 миллиондан 6 миллионгача этиб белгиланган. Корхонанинг бошқа пайвандлаш ва бутлаш каби 3 та кичик цехлари ҳам мавжуд бўлиб, уларда ҳам 40 дан ортиқ ишчилар фаолияти йўлга қўйилган. Энг асосийси, устоз-шогирд анъаналарига мувофиқ ёшларга малакали мутахассислар томонидан касб сирлари ўргатилмоқда.

Шу куни партиямиз фаоллари ишчи-хизматчилар билан суҳбат қуришди, меҳнат шароитлари, хавфсизлик чоралари ҳақида фикр алмашишди.

Бу каби корхоналарнинг вилоятда очилиши, вилоят учун зарур мебелллар шу ернинг ўзида тайёрланиши, иш ўринларининг кўпайишига олиб келади, бандлик масалалари ҳал этилади. Биз бу каби ташаббускор тадбиркорларнинг кўпайиши, иш ўринлари кўпроқ очилиши, ёшларнинг бандлиги таъминланиши тарафдоримиз.

 

Шаҳло Худойқулова,

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши сектор мудири.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш