Ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш керак

 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшлари форуми ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ёш авлод манфаатларига қаратилган муҳим ғоя ва ташаббусларни илгари сурган эди. 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилинди.

Кеча Президентимиз бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ўша форум ва Мурожаатномада айтилган таклифларни амалга ошириш, ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизимни жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Йиғилишда айнан ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани қайд этилди. Жорий йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш зарурлиги таъкидланди. Туман ва шаҳарларда анъанавий ёки масофавий ўқув курсларини кўпайтириш, ишсиз ёшларни ушбу тизим орқали касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб, бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Албатта, бу бўйича аниқ чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш айни заруратдир, бу борада белгиланган вазифаларга лоқайд қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Йиғилишдан сўнг партиямизда ёшлар йўналишида олиб бораётган фаолиятимизни таҳлил қилдик. Жудаям кўп саволлар бирма-бир кўз олдимиздан ўтди. Мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этадиган, ўзига хос ижтимоий-демографик хусусиятга эга қатлам — ёшларни нима ўйлантиради ва ташвишга солади? Ўзи бугун ёшлар нималар билан банд? Уларни кўпроқ нималар қизиқтиради? Уларнинг бандлигини таъминлаш учун қандай самарали лойиҳалар ишлаб чиқиш керак? Ушбу саволлар ҳаммамизни чуқур ўйлаб, хулосалар чиқаришга ундайди. Чунки бу саволларнинг тагида бугунги кундаги энг ўткир масала — ёшларнинг бандлиги ётибди. Улар бирор иш билан банд эмас экан, яъни ёшларнинг бандлиги рақамларда эмас, амалда таъминланмас экан, камчиликлар яна такрорланаверади.

Демак, фаол ёшларимиз, Ёшлар парламенти аъзолари, барча даражадаги депутатлар бирлашиб, йигит-қизлар бандлигини таъминлашга бор куч-ғайратимизни сафарбар қилишимиз керак. Энг асосийси, битирувчиларни ишга жойлаштиришга юзаки ёндашувлардан воз кечиш керак, деб ўйлайман.

Жойларда айнан ёшларнинг ўзи билан вазиятни, ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатни чуқур таҳлил қилиш, уюшмаган, ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан ҳар ҳафта учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш лозим.

Ҳозир фаолларимиз билан бирга ёшлар бандлигини таъминлаш масаласида аниқ натижа берадиган лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Партиямиз ташаббуси билан жойларда ўтказилаётган “Ёшларга кўмак” лойиҳасининг қамровини янада кўпайтиришни режа қилдик.

Бутун жамият уйғониб, ҳаммамиз бирлашиб ҳаракат қилсак, қанчадан-қанча ёшларимизнинг кўча-кўйда сарсон бўлиб, ишсиз юришининг олдини олган бўламиз.

 

Жаҳонгир Кабиржонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

Теглар

yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш