ЎзХДП фракцияси: бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар очиқ ва доимий бўлиши зарур

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партиясининг фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Маълумки, йиғилишда шу пайтгача ишсиз аҳоли ва бўш иш ўринлари ўзаро уйғунликда кўриб чиқилмагани танқид қилинди. Масалан, Тошкент шаҳрида 26 минг ёш ишсиз. Айни пайтда ҳудудда 77 мингта вакант бор, шундан 45 мингтасига олий маълумот талаб этилмайди. Давлатимиз раҳбари ёшларни касбга ўқитиш орқали малака тоифасини бериб, шундай вакант ўринларга жойлаштириш мумкинлигини таъкидлади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига “Ишга марҳамат” мономарказларида, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари ва йирик санот тармоқларида малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу орқали жорий йилнинг ўзида 30 минг йигит-қизга малака сертификати бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.

Тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларнинг мини-технология ва ускуналар харид қилиши учун субсидия ажратиш, кредит олишда суғурта тўлови бўйича кўмаклашиш юзасидан топшириқлар берилди. Бандликни таъминлашда энг катта захиралардан бири деҳқончилик қилиш учун ер ажратишдир. Лекин, ўтган йили бу борада мурожаат қилган 14 минг нафар ёшдан атиги 3 мингига ер ажратилган, холос.

Фракция аъзолари маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бирга жойларда бу вазифаларнинг сифатли бажарилиши устидан назорат ўрнатиш кераклигини таъкидлашди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳар бир депутатнинг ўз режаси бўлиши кераклиги, уни амалга ошириш масаласида қатъий позиция кўрсатилиши зарур.

Ҳудудларда кўплаб ёшлар ишга жойлашиш, ўз ишини йўлга қўйиш масалаларида қийинчиликларга дуч келмоқда, аммо уларни қўллаш борасида партия депутатлик корпусида масъулият етишмаётгани қайд этилди. Ҳар бир депутатга ўз сайлов округидаги ёшлар билан боғлиқ муаммоларни танқидий-таҳлилий ўрганиш, мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар билан бирга аниқ амалий натижа учун ишлаш вазифаси қўйилди.

Вазирлик-идоралар, барча даражадаги дават ташкилотларида бўш иш ўринлари ҳақида очиқ ва доимий маълумот бериб борилиши ҳақидаги меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ЎзХДП фракциясининг йиллик дастурига таклифлар билдирилди. Қисқа муддатда таклифлар умумлаштирилиб, дастур қаблу қилинишига келишиб олинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш