Тиббиётни ислоҳ этишда парламентнинг масъулияти катта

 

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани, йилни номлашда шу йўналишга устуворлик берилгани бежиз эмас, албатта. Мақсад тиббиёт соҳасини халқимизга тезкор ҳамда сифатли хизмат кўрсатадиган тузилмага айлантиришдир. Зеро, коронавирус пандемияси нафақат бутун инсониятни, давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимини ҳам жиддий синовдан ўтказди, тиббиёт соҳасини тубдан такомиллаштириш вазифасини кун тартибига чиқарди. Пандемия билан боғлиқ кутилмаган хавф-хатарлар аҳоли саломатлигига, инсонлар ҳаётига жиддий таҳдидларни юзага келтирган вақтда соғлиқни сақлаш тизими уларни ҳимоя қила оладими, деган савол пайдо бўлди.

Шундай синовли вазиятда давлатимиз раҳбари томонидан аҳолига тезкор, сифатли ва кафолатли тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил этишга бирламчи вазифа сифатида эътибор берилгани, вирусга чалинган беморларга тўлиқ давлат ҳисобидан ёрдам берилиши натижасида халқимиз пандемиянинг жиддий оқибатларидан ҳимояланди. Қисқа вақт ичида республикамиз бўйича қарийб 30 минг ўринли махсус даволаш масканлари ташкил қилинди. Улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди. Хавф-хатарларни енгиб ўтиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ, пандемиянинг дастлабки кунларидан бутун бошқарув тизими, барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Шу билан бирга, глобал пандемия жараёнида соғлиқни сақлаш тизимидаги асосий муаммолар яққол кўзга ташланди. Уларни зудлик билан бартараф этиш, тизимни илғор тажрибалар асосида ҳамда халқ манфаатларидан келиб чиқиб, ислоҳ этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифага айланди. Бу ҳақда халқаро ташкилотлар, етакчи экспертлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

 

Пандемияга қарши кураш давом этади

Мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият бирмунча барқарор бўлса-да, лекин хотиржамликка берилишга, сафарбарликни сусайтиришга ҳали эрта. Шунинг учун давлатимиз раҳбари пандемияга қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифаларимиздан бири эканини белгилаб берди. Бу борадаги чора-тадбирлар учун давлат бюджетидан 3 триллион сўм захира шакллантирилгани, бу маблағлар ҳисобидан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилиши қайд этилди. Пандемия даврида санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, замонавий лабораториялар ташкил этиш муҳим масала экани яққол сезилди. Бу хизматлар аҳоли орасида вирус тарқалишини чеклашда катта аҳамиятга эга бўлади. Шунинг учун ҳам мазкур йўналишларга 200 миллион доллар йўналтирилади.

Дунёда деярли барча соҳалар илғор технологиялар, масофавий хизмат кўрсатиш методлари асосида жадал ривожланмоқда. Тиббиёт соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Шу жиҳатдан қараганда, мамлакатимиздаги соғлиқни сақлаш муассасалари масофавий хизматлар ҳамда электрон иш юритиш масалаларида етакчи тенденциялардан сезиларли даражада ортда қолаётгани намоён бўлаётир. Бу эса аҳолининг тиббий хизматлардан тезкор фойдаланиш имкониятини чекламоқда.

Маълумки, туман ва қишлоқларда истиқомат қиладиган халқимизнинг аксарият вакиллари ихтисослашган тиббиёт марказлари, уларнинг филиалларида кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланишда ҳам муаммоларга дуч келмоқда. Чунки ихтисослашган марказлар асосан, пойтахтимизда, уларнинг филиаллари эса вилоят марказларида, туман ва қишлоқлар аҳолисига узоқ ҳудудларда жойлашган. Мурожаатномада ушбу йўналишдаги камчиликларни бартараф этиш, хусусан, ихтисослашган марказлар ташкил этишда биринчи навбатда, аҳолига қулайлик нуқтаи назаридан ёндашиш, телемедицинани йўлга қўйиш вазифа сифатида белгиланди.

 

Она ва бола соғлиғи — эзгу мақсад

2020 йил 6 ноябрда Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги муаммоли ҳолатлар чуқур танқидий таҳлилдан ўтказилган эди. Масалан, мамлакатимиздаги 40 фоиз аёлларда фолий кислотаси ва темир моддаси етишмаслиги кузатилаётгани, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 55 фоизида темир моддаси камлиги сабабли кейинчалик камқонлик келиб чиқаётгани, боғча ва мактаб ёшидаги болаларнинг 70 фоизида ичак паразитар касалликлар мавжудлиги қайд этилган эди. Бу рақамларни таҳлил этиб, хулоса чиқариш учун мутахассис бўлиш шарт эмас, албатта. Бу рақамлар ҳар бир ота-она, ёш авлод келажагига бефарқ бўлмаган юртдошларимизни безовта қилади. Модомики, бола организмида витаминлар етишмас экан, бу унинг нафақат жисмоний ҳолати, балки руҳияти ва инсоний потенциалига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Шу боис, жорий йилдан кечиктирмасдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда — 11 миллион нафар, 2022 йилда — 17 миллион нафар аҳоли қамраб олиниши кўзда тутилган. Мана шу чоралар самарасида аҳоли ўртасидаги камқонликни 25 фоизга камайтириш мақсад қилиняпти.

 

Бирламчи бўғиндаги кўп йиллик муаммолар ечилади

Халқимизнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлардан розилиги биринчи навбатда, тиббиётнинг қуйи бўғинига боғлиқ. Сабаби, фуқаролар соғлиғида муаммо сеза бошласа, энг аввало, ўз маҳалласи ёки ҳудудидаги тиббиёт муассасасига мурожаат этади. Агар у ерда фуқарога малакали ёрдам кўрсатилса, оғир касалликлар ва кўплаб оворагарчиликларнинг олди олиниши мумкин.

Шунинг учун давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизимида қуйи бўғиннинг аҳамиятини ошириш масаласига жиддий эътибор бермоқда. 2020 йил 12 ноябрда бу бўйича алоҳида фармон ва қарор қабул қилиниши, вазифалар аниқ белгилаб берилишида чуқур маъно бор. Жумладан, “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда аҳоли саломатлиги бўйича маҳаллалар ва хонадонлар даражасигача қамраб оладиган яхлит тизимни яратиш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соҳага менежментни жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча бюрократик тартиб-тамойилларни қисқартириш юзасидан таъсирчан чоралар белгиланди.

Нега бу вазифалар муҳим? Боиси, айнан ушбу бўғинда олди олиниши мумкин бўлган касалликлар хизмат сифати пастлиги учун иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлгандан кейингина аниқланади. Бу эса аҳолини тўғридан-тўғри марказий шифохоналарга боришга мажбур қилмоқда.

Сабаби, қуйи бўғинда шароит ва талаб, иш ҳажми бир-бирига мутаносиб эмас. Мисол учун, умумий амалиёт шифокори 146 турдаги касалликка диагноз қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, бундан ташқари, иш кунининг 60 фоизини ҳисобот тўлдиришга сарфлашга мажбур бўлган. Эндиликда бу тартиб тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, тубдан такомиллаштирилади.

Алоҳида эътибор қаратиш керакки, Президентимиз соҳадаги шу каби муаммоларни, уларнинг сабабларини чуқур танқидий таҳлил қилгандан кейингина камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар белгиламоқда. Бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил қилинади. Ҳар бир маҳаллада қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади.

Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, шу йилнинг ўзида 100 та қишлоқ врачлик пункти, 24 та оилавий поликлиника ташкил этилади. “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилиниши, шифокорларга бўлган эҳтиёжлар маҳаллалар кесимида аниқланиб, тиббиёт олий ўқув юртларида квоталар оширилиши, бирламчи бўғин шифокорлари учун уй-жой берилиши ҳам қуйи бўғинга бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.

 

Ҳар йили камида 30 минг нафар инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинади

Мурожаатномада ҳозирги кунда 12 мингдан зиёд ҳамюртимиз оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликдан азият чекаётгани, уларга ёрдам бериш учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 минг нафардан ортиқ бемор эса илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олиниши қайд этилди. Аҳоли орасида кўп учрайдиган ўткир қон-томир касалликлари бўйича 35 та туманлараро марказ ташкил этилиши кўпчиликнинг мушкулини осон қиладиган янгича ташаббус бўлади. Таҳлилларга кўра, мана шу йўналишдаги ишлар тўлиқ амалга оширилса, ҳар йили камида 30 минг нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга эришилади.

 

Соҳани ислоҳ этишга парламент ҳам масъул

Президентимиз ўзининг янгича ташаббуслари билан бутун ҳукумат тизимини халқимизга хизмат қилиш нуқтаи назаридан ислоҳ этмоқда. Шу билан бирга, бой тажрибага таянган таклиф-тавсиялари билан миллий парламентимиз фаолиятини янада демократлаштиришга ёрдам бермоқда.

Мурожаатномадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, парламент қуйи палатаси ўз олдига мамлакатимиз аҳолисига бирламчи тиббий санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, ислоҳотлар натижадорлигига эришиш бўйича парламент назоратини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб олди. Хусусан, бу борада парламент комиссияси тузилиб, унинг самарали ишлаши учун масъуллар белгиланди. Парламент назоратининг бу тартибда йўлга қўйилиши эзгу мақсад йўлида белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишига амалий кўмак бўлади.

Зеро, тиббиёт соҳасидаги ислоҳот ва ўзгаришлар маҳаллаларга, одамларнинг кундалик турмушига етиб бориши, ҳаёт тарзини ўзгартириши, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун ҳар биримиз масъулмиз.

 

Газетани электрон шаклда ўқинг:

(.pdf юкланиши учун бироз вақт кутинг)

 


  

  Газетани юклаб олиш 

 

 

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш