Юртимиз нуронийларига мурожаат

Азизларим, ҳаммамизга маълумки, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг тўй ва маъракаларни рисоладагидек ўтказиш бўйича қарори 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга киради. Биз ёши улуғлар четда томошабин бўлиб турмай тўй ҳашамларни, маъракаларни тежамкорлик билан ҳақиқий миллий удумларимиз асосида ўтказишни тавсия этиб, ўзимизнинг бой ҳаёт тажрибаларимиз асосидаги ўгитларимиз билан яшаб турган маҳалламиз Фуқаролар йиғинлари мутасаддиларига яқиндан ёрдам берайлик.

Муҳтарам ҳожилик рутбасига сазовор бўлган отахон ва онахонлар ҳаммамиз буюк Яратганнинг Байтига бориб келдик, ҳаром ва ҳалолни, исрофгарчилигу манманлик, кибру-ҳавога берилишу ҳокисорликнинг фойда ва зиёнини яхши англаб етамиз. Шундоқ экан, нима учун биз қайсидир маҳалладошимизнинг ортиқча ҳойю-ҳавасга берилиб, ўз ҳаддидан ошаётганини кўра-била туриб, Ҳақнинг насиҳатини эслатишдан тортинамиз?!

Бугунги кунда ҳар бир маҳаллада ўнлаб Ҳаж ва Умра амалларини адо этган муҳтарам ҳожи ота ва оналаримиз истиқомат қилмоқда. Улар доимо, энг аввало, ўз фарзандлари ва яқин қариндошлари ҳамда маҳалла аҳлига ибрат бўлиб, ортиқча дабдаба ҳамда ҳаваслардан тўхтатишга ҳаракат қилишса, панду-насиҳатлари билан йўлга солишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ҳозирги кунда Тошкент туманида 68 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, жуда кўплаб фидойи маҳалла оқсоқоллари ўз атрофларига бой ҳаёт тажрибасига эга инсонларни жамлаб, маҳалла ҳаётига тааллуқли ҳар қандай муммони ҳал этишда кўмакдош бўлаётгани таҳсинга лойиқдир. Натижада ушбу маҳаллаларда тўй ва турли маросимлар ортиқча исрофгарчиликсиз ўтказилиб, аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, ёшларда одоб-ахлоқ туйғулари ривожланиб, хонадонларга қут барака инмоқда.

Аммо, минг афсус ва надоматлар бўлсинки, айрим кибру-ҳавога берилиб, тўй қилишга ҳаракат қилаётган ота-оналар бугун бир чеккада қолиб, тўйга аталган маблағларни қандай сарфлашга раҳбарлик қилиш “маслаҳатгўй аёллар” қўлига ўтди. Улар кўнгли нимани тусаса, уни ҳам илимсизлик туфайли турли удумлар билан боғлаб, ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

Ҳурматли эркакларимизнинг аксарияти тўй ва бошқа тадбирларнинг барча масъулиятни аёлларга топшириб, томошабинликка ўтиб олишган. Қанчалик аччиқ бўлмасин бу бугунги ҳаёт ҳақиқати. Кечирасизлар, бу билан оналарнинг ҳаммаси ҳам ортиқча орзу-ҳаваслар, молу-дунё илинжида, дейишдан йироқман. Онаизор қалби меҳрга лиммо-лим, фарзанди учун ҳар нарсага тайёр. Биз эркаклар, ҳаётнинг аччиқ-чучугини таниган ёши улуғлар ана шу истакларни чиройли тарзда, меъёрида, риё ва кибрга берилмасдан амалга оширишда тўғри йўлни кўрсатишга жавобгармиз.

Бу бизнинг жамият ва Яратганнинг олдидаги масъулиятимиздир. Ҳа, бугун ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўз ақли билан қуришга ҳақли. Лекин ҳар бир инсон бир бутун жамиятда яшаётганини, ҳар бир хатти-ҳаракати кимларгадир яхши ёки ёмон намуна бўлиши, онгига, дунёқарашига, кайфиятига таъсир қилишини унутмаслигимиз керак.

 

Мирислом УСМОНОВ,

Халқ депутатлари Тошкент тумани Кенгаши депутати, ХДП фахрийси.

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш