Замонавий билим ва кўникмаларга эга, масъулиятни ўз зиммасига оладиган ёшлар мамлакат келажагидир

 

Ҳар бир жамиятнинг тақдири ва келажаги мамлакатнинг етакчи кучи ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқ. Замонавий билим ва кўникмаларга эга, масъулиятни ўз зиммасига оладиган, мақсадга интилувчан, серғайрат ёшларни тарбиялаш кун тартибидаги энг муҳим ҳамда кечиктириб бўлмас вазифаларидан биридир.

Барчамизга маълумки, куни кеча Президентимиз раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ушбу йиғилишда иккита устувор йўналиш белгиланди. Биринчидан, ёшларни тадбиркорликка ўргатиш орқали уларни бандлигини таъминлаш, иккинчидан, уларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, 9 та асосий вазифалар ҳақида батафсиз сўз юритилди. Булар, ёшлар тадбиркорлиги, уларни касб-ҳунар ва малакани баҳолаш бўйича ўқитиш, деҳқончилик чун ер ажратиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини янада ошириш, ёшларни ахборот технологияларига қизиқтириш, уларни ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, янги иқтидорларни кашф этиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, сектор раҳбарлари ОАВ орқали ёшларнинг муаммо ва масалалари юзасидан қилган ишлари тўғрисида аҳолига ҳисобот бериб бориш.

Ўтган йили ҳудудларда назорат-таҳлил тадбирлари давомида кўпчилик ёшлар уларга ажратиб берилган ерлардан унумли фойдаланиб яхшигина даромад олишганини, деҳқончилик билан банд бўлишганини, фермерлар ҳам ёшларнинг шижоатини эътироф этишганини гувоҳи бўлдик. Бу бўйича кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мазкур масала ўзини оқлади ва маълум тажрибага ҳам эга бўлдик.

Йиғилишда бандликни таъминлашда энг катта захиралардан бири деҳқончилик қилиш учун ер ажратиш эканлиги таъкидланди. Лекин, ўтган йили бу борада мурожаат қилган 14 минг нафар ёшдан атиги 3 мингига ер берилганлиги алоҳида айтилди.

Жойларда ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тартибини жорий этиш вазифаси топширилди. Бу айниқса саноат корхоналари деярли мавжуд бўлмаган қишлоқ ёшларини хурсанд қилди, десам муболаға қилмаган бўламан. Уйлайманки, бу имкониятдан ёшларимиз унумли фойдаланган ҳолда даромадга эга бўлишади.

Эътиборимни тортган яна бир жиҳат, мутасадди вазирликларга мактабларда 20 мингта спорт тўгарагини ташкил этиш, спорт федерацияларини, халқаро мусобақалар ғолибларини мактабларга бириктириб, ёшларни профессионал спортга жалб қилиш юзасидан вазифалар қўйилди.

Биламизки, ёшлик даврларимиздан у ёки бу спорт турига қизиқиб ёхуд машҳур спортчиларга ҳавас қилиб униб ўсамиз. Мактабларга юқори натижаларга эришган ҳамда фахрий спорт усталарининг бириктирилиши янги иқтидорларни кашф этилишига, ёшларни спорт билан ошно бўлишига эришилиши шубҳасиз.

Энг асосийси, ёшларни билим олишга, илмли бўлишга эришишимиз зарурлиги алоҳида таъкидланди. Зеро, донишманд Конфуций айтганидек “Билимсизлик — инсоният учун энг қоронғу тундир”.

Албатта, биз депутатлар ҳам айни йиғилишда кўтарилган устувор йўналишлар бўйича таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш, секторлардаги “ёшлар дафтари”нинг мақсадли юритилш ҳолатини доимий ўрганиб бориш, асосий эътиборни уюшмаган ёшларга қаратиш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиб бориш зарур.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш