Ҳудудларда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар кўп...

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят кенгаши томонидан маҳаллалар кесимида хотин-қизларни ўйлантираётган масалалар, уларнинг муаммоларини ўрганиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Яқинда Кармана тумани «Деггарон» маҳалла фуқаролар йиғинида шундай учрашувлардан бири ташкил этилди. Тадбирга халқ депутатлари вилоят, туман кенгаши депутатлари ва вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, Халк банки Кармана туман филиали мутахассислари таклиф этилди.

Дастлаб туман кенгаши депутати Х.Толипова иштирокида ҳудуддаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан яккама-якка суҳбатлашилди.

– 2 нафар фарзандим бор, – дейди Ҳовуз ариқ қишлоғида яшовчи Санобар Икромова. – Турмуш ўртоғим илгари фермер хўжалигида ишларди. Сўнгги икки йилда бир неча марта жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Ҳозир у кишининг соғлиги ишлашга ярамайди. Рўзғоримизни ўтиб туриши учун мен ишга кирмасам бўлмайди. Тикувчилик қилиш қўлимдан келади.

Шунингдек, қишлоқ оилавий поликлиникада физиотерапия мутахассиси ва ҳудудда интернетнинг йўқлиги хотин-қизларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида маҳалла фаоллар залида юқорида санаб ўтилган ҳамкор ташкилотлар иштирокида ҳудуд аҳолиси билан учрашув ташкил этилди. Унда фуқаролар кўплаб муаммоли вазиятларга ойдинлик киритиш мақсадида савол билан мурожаат қилишди.

Хусусан, Бозор жойи қишлоғида яшовчи Гулчирой Шерова ишсиз, турмуш ўртоғи 2 гуруҳ ногирони, қизи тўлов шартномаси асосида ўқиётганлигини, уйига газ ўтказиш шароити йўқлигини айтиб, ёрдам сўради. Тепа ариқ қишлоғи вакили О.Ғоибов ҳудуднинг ички кўчаларини асфальтлаш, 16-22 мактаблар ёнида бекат қуриш, катта кўча йўлакларида тунги чироқларни ўрнатиш, йўловчилар юриш учун йўлак қуриб беришга амалий ёрдам беришлари таклифини берди.

Тепа ариқ қишлоғида яшовчи Мухлиса Нуруллаева сўз олди.

– Аёллар сартарошлиги қўлимдан келади, – дейди у. – Лекин “Гўзаллик салони” ташкил қилиб, уни жиҳозлаш учун ортиқча моддий маблағим йўқ. Ушбу учрашувда имтиёзли кредит олиш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мутахассис томонидан имтиёзли кредит олиш тартиби тўғрисида тушунча берилди. Насиб бўлса, банкдан имтиёзли кредит олиб, фаолиятимни йўлга қўйсам. Қўшни қизларга ҳам ҳунаримни ўргатиб, уларнинг бандлигини таъминлашда ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Билдирилган таклиф ва саволлар мутахассис ва депутатлар иштирокида муҳокама этилди. Тегишлилиги бўйича ташкилот ва корхоналарга депутатлик сўрови жўнатилди.

 

Хуршида НАРЗИЕВА,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш