Депутат Зулайҳо Акрамова толмай-эринмай уйма-уй юриб, оилалардаги катта-кичик масалаларни ўрганмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Зулайҳо Акрамовани кўп ҳолларда сайловчилар орасида учратасиз. У аҳоли билан шунчаки учрашмайди, катта залларда одамларни йиғиб, қуруқ маъруза қилмайди, балки ҳар бир сайловчи билан алоҳида, юзма-юз кўришади, гаплашади. Депутат опамиз фуқароларимиз турмуш даражасини, яшаш шароитини ўрганишда ҳам эшик остонасида суҳбат қуриб, қайтиб келмайди. Хонадоннинг ичига киради, оилалар шароитини ўз кўзи билан кўради, муаммоларни ҳеч эринмасдан ён дафтарига туширади. Айни дамда З.Акрамова Фориш туманида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Депутат учрашувларини туманнинг “Боғдон”, Э.Камолов номли маҳалланинг Порашт қишлоғи, энг чекка ҳудуд ҳисобланган “Ўхум” маҳалласидан бошлади. Уйма-уй кириб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганлар билан учрашиб, суҳбатлар ўтказди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан муҳокама этилаётган янги қонунлар ҳақида сўзлаб бериб, одамларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Маданий, тиббий хизмат кўрсатиш, спортни ривожлантириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Депутатнинг айтишича, сайловчилар кўпроқ ижтимоий масалаларда мурожаат қилишмоқда.

– Моддий ёрдам, бандлик билан боғлиқ масалаларда мурожаатлар бўлмоқда, – дейди З.Акрамова. – Қувонарлиси, одамларимиз яратувчанлик, бунёдкорлик ғоялари билан яшамоқда. Ўз ишини йўлга қўйиш, бизнесини ташкил қилишга иштиёқманд фуқароларимиз тобора кўпайиб боряпти. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш керак, имтиёзлар, имконият ва қулайликлар ҳақида батафсил тушунтириш керак. Шунда жойларда бандлик масаласидаги кўпдан-кўп муаммолар ечилади, аҳоли даромади юксалади.

Депутатга қўнғироқ қилганимизда сайловчилар билан учрашувда экан. Учрашувдае қайтгач, хулосалар бўйича тўлиқроқ маълумот беришини айтди. Биз ҳам хурсандмиз. Чунки аввалгидек, депутатларни кабинетда, иш столида эмас, балки одамлар орасида кўпроқ учратяпмиз. Шундай бўлгани яхши, уларнинг интервью беришга вақт тополмагани ишлаётгани, сайловчилар билан бирга эканлигини англатади. Бу орқали ҳудудлардаги қанчадан-қанча муаммолар ечилади, юзлаб, минглаб фуқароларнинг оғири енгил бўлади.

 

Лазиза Шерова,

Халқ демократик партияси Ахборот хизмати ходими.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш