Сўнгги пайтларда халқ билан мулоқот қилиш ҳаммамиз учун энг муҳим талабга, вазифага айланди. Бундай тартиб бевосита давлат раҳбарининг ташаббуси билан йўлга қўйилди. Давлат ва халқ юзлашди, кўз илғамаган муаммолар сув юзасига сизиб чиқа бошлади. Бир пайтлар кабинетда ўтириб, ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволдан бехабар ҳолда қабул қилинган қарорлар ўрнини жойлардаги ҳақиқий вазиятдан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ҳужжатлар эгаллай бошлади, раҳбарлар шаҳар ва қишлоқлардаги реал вазиятни қоғозга қараб эмас, ўз кўзи билан кўриб таҳлил этадиган бўлди. Тўғрида, халқ ичига кирмасдан, одамлар билан мулоқот қилмасдан муаммоларни ҳал этиб бўлмайди. Бунга сайловчилар билан учрашувларда кўп бора гувоҳ бўлганман.
Куни кеча ўзим сайланган Бўстонлиқ туманидаги сайловчилар билан мулоқот ўтказдик. Албатта, ишни аҳоли муаммоларини ўрганишдан бошладик. Ҳар бир мурожаатчи билан юзма-юз кўришдим, муаммоларни тингладик. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилаётган муҳим вазифаларнинг ҳудуддаги ижроси ҳам ўрганилди. Жойларда тўпланиб қолган масалалар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси бўйича муддатлар белгиланди.
Тумандаги “Сижжак” МФЙда аҳоли билан ўтказилган учрашувда сайловчилар тоза ичимлик сув масаласини кўтаришди. Бу бўйича тезкор тартибда иш бошладик. Ҳудуд атрофида қурилган сув иншоотларини ўргандим, маҳаллага тоза ичимлик суви олиб киришнинг барча йўлларини мутасадди ташкилотлар билан муҳокама қилдик. Маҳалла аҳлини қийнаб келаётган муаммо бор-йўғи бир неча кунда ижобий ечим топди. Масалани ҳал қилдик.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, одамларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласига эътиборсиз қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Демак, жойларда соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳар бир катта-кичик муаммога ечим топиш асосий вазифамиздир. Сайловчилар билан учрашувлар давомида бу йўналишда қатор муаммолар кўтарилмоқда. Уларни жойида ҳал этишга эътибор беряпмиз. Куни кеча мурожаат асосида “Чорвоқ” касалхонасига мебеллар олиб келдик. Тиббиёт масканида одамлар даволаниши, саломатлигини тиклаши учун барча шароитлар яратилди. Қанчадан-қанча одамларнинг оғири енгил бўлиб, узоқ йўл босиб, касалхонага боришга ҳожат қолмади. Касалхона яқинидаги одамларга тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари янада ошди.
Шунингдек, учрашувлар давомида ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотини очиш, "Чирчиқ текстил" филиалини очиш масаласи ҳам кўтарилди. Мутасадди ташкилотлар билан шу масалани атрофлича муҳокама қилдик, бу яқин кунларда ҳал қилинадиган бўлди. Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликникаларда ўтказилаётган хатловлар, антропометрик текширувлар мониторинг қилинди.
Ҳар бир учрашув ва унинг натижалари кейинчалик умумлаштирилади. Сайловчилар кўтарган масалалар жиддий эътиборга олинади ҳамда уларни ҳал қилиш чоралари кўрилади.
Қизилгул Қосимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.