Ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланишимиз зарур

Дунёдаги илғор тажрибалардан маълумки, давлат бошқарувини ислоҳ этиш, демократик ислоҳотларни янги даражага кўтариш ўз-ўзидан бўлмайди. Бу жуда кўплаб омилларга боғлиқ масала. Жамиятдаги турли қатламларнинг манфаатлари, хоҳиш-иродаси инобатга олиниши, уларни рўёбга чиқариш учун йўл очиб берилиши шулардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан очиқ мулоқоти шу жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга воқелик ҳисобланади. Учрашув чоғида партияларнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва ролини ошириш, шу билан бирга, жамиятдаги турли қатламларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш масалалари ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Очиқ мулоқотда билдирилган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган ғоялар партиялар фаолиятини кучайтиришда катта аҳамиятга эга бўлади.

Халқ демократик партияси ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини, юқоридан қуйигача бўлган тизим яратилаётганини эътироф этади. Мана шу жараёнда партиямизнинг қуйи тузилмалари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмаларимиз қатъиятли ва ташаббускор бўлиши талаб этилади. Биз мазкур йўналишдаги фаолиятимиз, режа ва лойиҳаларимизни тубдан қайтадан кўриб чиқяпмиз. Чунки, электоратимиз манфаатлари ҳимояси акс этган қонунлар, қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қуйига етиб бориши, одамларнинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатиши жуда ҳам муҳим.

Сиёсий партиянинг ислоҳотларга нисбатан позицияси аввало қуйи тизимда билиниши керак. Очиғини тан олиш керак, маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, фаолликка ундаш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмади. Учрашувда ислоҳотларнинг қуйида янада самарали натижа бериши учун бу йўналишни кучайтириш нақадар муҳимлигини тушуниб, муҳим тавсиялар олдик.

Халқ демократик партиясининг ҳудудий Кенгашларда 1600 нафардан ортиқ депутати бор. Ушбу катта салоҳиятдан тўғри фойдаланиш, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни фаол иштирокчисига айлантириш партиямиз олдида турган муҳим вазифадир.

Камбағалликни қисқартириш, ишга жойлашиш, касб-ҳунар ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий фаолликни ошириш билан боғлиқ долзарб вазифаларнинг барчаси ёшлар ва хотин-қизларга бевосита тааллуқли масалалар. Маълумки, ушбу йўналишларда жорий йилдан янада кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Давлат ҳокимиятининг барча тузилмалари зиммасига бу борада муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Бу жараёнда сиёсий партиялар қандай иштирок этади? Албатта, ҳар бир партия ўз ғояларидан келиб чиқиб, ёшлар ва хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаолликка ундовчи механизмга айланиши лозим. Очиқ мулоқотда бу масаланинг аҳоли фаровонлигини ошириш, боқимандалик кайфиятига барҳам беришдаги аҳамияти кенг ва чуқур таҳлил этилди.

Хотин-қизлар ва ёшлар йўналишларида асосан тадбир ўтказиш билан чекланмаслик, лойиҳаларни эса бир-икки марталик семинарлар кўринишларидан ўзгартиришимиз зарур. Бугунги ёшларнинг руҳияти ва кайфиятига мос ёндашувлар, опа-сингилларимизни ўйлантираётган масалалар ечимига хизмат қиладиган мунтазам лойиҳаларни йўлга қўйишимиз керак. Биз бу йўналишларда ҳам маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар имкониятларини тўлиқ ишга солишга алоҳида урғу беришимиз жоиз бўлади.

Электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида партиямизнинг сиёсий фаолиятини кучайтириш бўйича ҳам муҳим вазифаларни белгилаб оляпмиз.

Маълумки, жойларда бирламчи тиббий ёрдам, яъни қишлоқ оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида хизматлар сифатининг пастлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Ушбу соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижро қилинмаётгани асосий муаммолардан биридир. Бу ҳолатдан, биринчи навбатда, партиямиз электорати азият чекмоқда. Шунинг учун партиямиз бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам даромадли аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантириш устидан тизимли парламент ва депутатлик назоратини ўрнатади, ушбу йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Кейинги масала: олис қишлоқларнинг барчасида ҳам болаларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, спорт, мусиқа ва санъат билан шуғулланиши учун шароит яратилмаган. Тегишли инфратузилмаларнинг йўқлиги, жойлардаги маданият муассасаларида тўловлар мавжудлиги кам даромадли оилалар фарзандларининг имкониятини чекламоқда. Партиямиз депутатлик тузилмалари билан бирга олис қишлоқлардаги болалар учун мўлжалланган маданият муассасалари, спорт иншоотлари, “Баркамол авлод” марказлари, мусиқа ва санъат, спорт мактаблари ҳолатини танқидий ўрганиб, мазкур соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни режалаштирди.

Жамиятдаги яна бир оғриқли масала – етим ва ота-онасиз қолган, “Меҳрибонлик” уйларидан чиққан ёшларни ижтимоий ҳимоялаш билан боғлиқ. Бундай ёшлар давлат қарамоғидан мустақил ҳаётга ўтиш вақтида ижтимоий яккаланиб, уйсиз қолиб кетмоқда. Бу эса уларнинг келгуси ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатяпти. Жорий йил Давлат дастурида миллиард маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Лекин ёшларга уй-жой бериш жараёни қандай механизм асосида ташкил этилади? Шаффофлик, ижтимоий адолат тамойилларига риоя этиладими-йўқми? Ёшлар норози бўлмайдими?..

Мана шу саволлар ҳозирча очиқ турибди. Шу боис партиямиз қуйи депутатлик тузилмалари билан бирга механизм яратиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан маслаҳатлашувлар ўтказишга киришади.

Бундан ташқари, “темир дафтар”га кирган оилалардаги фуқаролар орасида соғлом, меҳнат қилиш имконияти мавжуд, лекин боқимандалик кайфиятида юрган инсонлар ҳам йўқ эмас. Партиямиз бундай инсонларни боқимандалик кайфиятидан чиқариш, уларни жамиятимизнинг фаол иштирокчисига айлантириш ва бу орқали камбағалликни сезиларли даражада қисқартиришни жуда муҳим масала, деб ҳисоблайди. Ушбу йўналишда амалий тарғибот ишларини кучайтиради.

Умуман, сиёсий партиялар вакиллик ҳокимияти асоси сифатида ҳам давлат ҳокимияти, ҳам фуқаролар билан доимий мулоқотда бўлиши зарур. Президентимиз билан учрашувда мазкур демократик тамойилнинг нақадар муҳимлигига яна бир бор чуқур амин бўлдик. Халқ демократик партияси демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиш учун барча куч ва имкониятларини ишга солади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш