Халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган дастурий ҳужжат

 

Куни кеча давлатимиз раҳбари “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Таъкидлаш жоиз, Давлат дастури лойиҳаси халқимиз томонидан кенг муҳокама қилинди. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, ижтимоий-иқтисодий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш ва бошқа йўналишларда фуқароларимиз томонидан кўплаб таклифлар билидирилди.

Бола дунёга келгандан бошлаб, айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллиги ошади, аҳлоқий-эстетик, жисмоний хислатлари шаклланади. Шу боис, давлатимиз томонидан мактабгача таълимни ривожлантириш стратегик мақсад даражасига кўтарилди. 2021 йилда 22 та мактабгача таълим ташкилоти бинолари, 31 та янги мактаб, 16 та олий таълим муассасалари бинолари, 24 та соғлиқни сақлаш объектлари ҳамда 23 та спорт объектларининг қурилиши режалаштирилган.

Фармоннинг 8-бандида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши ва унинг мақсадлари амалга оширилишини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилиши, 2021 йил якунига қадар меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож 900 нафар чин етим битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Олий Мажлис палаталари ҳар чоракда Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларининг Давлат дастури бажарилиши юзасидан ахборотларини эшитиб боради ҳамда бу борада вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқамиз. Жорий этилган бу каби институтлар амалга оширилган ишларнинг шаффофлигини таъминлашга, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишига хизмат қилади.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш