Давлат дастури: халқимиз манфаатлари тўла ифода этилган муҳим ҳужжатдир

 

Куни кеча Президент фармони билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинди. Аввало, айтиш керакки, унда кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар, энг аввало, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси фаровон, ҳаётдан рози бўлган ҳолда яшашига эришиши лозимлигига қаратилгани билан диққатга моликдир.

Бу йилги Давлат дастурида ҳам йиллар давомида сақланиб келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этишда катта аҳамият берилди. Айниқса, Халқ демократик партияси учун принципиал масалаларда узоқ кутилган янгилик ва ўзгаришлар бўлиши бўйича вазифалар ҳам белгиланди. Айрим йўналишлар партиямиз Сайловолди дастуридаги таклиф-ташаббуслар билан уйғун экани партиямиз, барча даражадаги депутатлар зиммасидаги масъулиятни янада оширади, албатта.

Хусусан, меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож 900 нафар чин етим битирувчилари уй-жой билан таъминланиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш каби муҳим вазифаларнинг белгиланиши ижтимоий ҳимояга муҳтож қнчадан-қанча оилаларни қувонтирди, юзлаб, минглаб фарзандларимизнинг кўнглини кўтарди.

Боланинг бегонаси бўлмайди. Очиғини айтиш керак, меҳрибонлик уйида тарбияланган ўғил-қизларимизни уй-жой муаммоси қийнаб келади. Кўп болалар бошпана сўраб, ташкилотма-ташкилот юриб, сарсон бўлмоқда. Фракциямиз томонидан бу масалада бир неча маротаба парламент назорати ўтказилиб, мутасадди ташкилотларга сўров билан мурожаат этилган эди. Жорий йилдан бошлаб бу борадаги муаммолар ўз ечимини топадиган бўлди. Меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож чин етим болаларига уй-жой ажратилиши қанчадан-қанча ёшларимизнинг ўз уйига эга бўлиши, ҳаловат топиши, ёруғ келажакка катта ишонч билан интилиши учун туртки бўлиши аниқ.

Яна бир аҳамиятли томони, Давлат дастурига кўра, 2021 йилда 22 та мактабгача таълим ташкилоти бинолари, 31 та янги мактаб, 16 та олий таълим муассасалари бинолари, 24 та соғлиқни сақлаш объектлари ҳамда 23 та спорт объектларининг қурилиши режалаштирилди. Кўриниб турибдики, ёш авлодга боғча ёшидан бошлаб токи, олийгоҳгача сифатли таълим-тарбия бериш ишлари янги босқичга кўтарилади, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилади.

Жумладан, янги авлод, шу жумладан, электрон дарслик ва ўқув курслари яратилади, шунингдек, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўқув дастурларида амалий ва интерфаол машғулотларнинг улушини кўпайтириш кўзда тутилган. Хорижий тилларни ўрганиш учун кенгроқ имконият бериш мақсадида бепул тил ўрганиш электрон платформалари яратилади. Қисқа қилиб айтганда, жорий йилда мамлакатимиз ёшлари ҳаётида катта ўзгаришлар, кўп хурсандчиликлар рўй беради.

Эътиборга молик яна бир томони, Давлат дастурида эҳтиёжманд оилалар фарзандларига имтиёзлар бериш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Унга кўра, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, қийналиб яшайдиган оилалардаги аксарият фарзандлар, айниқса, қизлар орзулари ҳақида айтишга ийманади. Ўқишга, келажакда яхши касб эгаси бўлишга интилиши кучли бўлса ҳам, хонадондаги моддий қийинчиликларни кўриб, бу ҳақида ота-онасига лом-мим демайди, шундай ҳам қийналиб турган оиласини янада оғир аҳволга тушиб қолишини ўйлайди. Жорий йилдан бошлаб бундай оилалар хотин-қизлари учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилиши ўқимишли, ишли аёлларимиз сафини янада кенгайтиради.

Буни нафақат аёллар учун, хотин-қизлар учун, балким келажагимиз учун берилаётган имтиёз, имконият деб қабул қилишимиз лозим. Бу кам таъминланган, доимий даромадга эга бўлмаган ва тўлов контрактини тўлашга имкони йўқ, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, отаси ёки онаси ногирон бўлган ёки ногирон фарзанди бор оилалар, оғир уй-жой шароитларида яшаётган ва доимий уй-жойига эга бўлмаган оилалардаги, бир сўз билан айтганда, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун катта қадамдир. Улар келгусида ОТМни тугатиб, ишлаб, ўз оиласини муҳтожликдан, камбағалчиликдан чиқаради.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ушбу устувор вазифаларга мос келади. Ушбу масалаларда партиянинг сиёсий позицияси мамлакат тараққиётининг янги босқичида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини изчил оширишга кўмаклашишдир. Давлат дастурида мазкур йўналишда қамрови кенг, моҳиятан юксак ишлар амалга оширилиши белгиланган. Бу эса Халқ демократик партияси, унинг барча даражадаги депутатлари олдида катта вазифалар турганини билдиради.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш