Инсон қадр-қиммати улуғдир

 

Давлат дастурига кўра, ногиронлиги бўлган шахслар учун бир қатор қулайликлар яратилмоқда

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш, ногиронлиги бор шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизмат кўрсатишни яхшилаш, бунда давлат ва хусусий сектор шериклигини ривожлантириш тараққиётимизнинг муҳим дастуриламали — Ҳаракатлар стратегиясининг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам эҳтиёжли инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар белгиланган.

Давлат дастурига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил 1 июнгача протез-ортопедия буюмлари ва реаблитация техник воситалари билан таъминлаш сертификат бериш тизимига ўтказилади.

Фуқароларга ўз танловига кўра, давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез- ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имконияти берилади. Бу эса протез-ортопедия ва реабилитация техник воситалари ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобат муҳитининг юзага келиши, сифатли маҳсулотларга бўлган талабнинг ортиши, хорижий тажрибаларни мукаммал ўрганиш орқали ўзимизда мазкур тизимда етук ва малакали мутахассислар сафи кўпайишига кенг йўл очади.

Сайловчилар билан учрашувларда ногиронлиги бор шахслардан берилаётган протез-ортопедия маҳсулотини сифати яхши эмаслиги бўйича тез-тез мурожаатлар бўлар эди. Эндиликда уларнинг ўзи маҳсулотларни ўзи истаган ишлаб чиқарувчилардан сертификат орқали сотиб олиши имконияти чекланган инсонларимизнинг сарсон-саргардон бўлиши, бир қатор оворагарчиликларнинг олдини олади. Сифатли маҳсулот орқали уларнинг оғири енгил бўлади.

Дастурга кўра, ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник - функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтмасдан туриб, улар ногиронлиги бўлган шахс, деб топилганда ногиронликни муддатсиз даврга белгиланиши тиббий- ижтимоий хизматнинг мутлоқо янги моделини шакллантириш чораларини кўришни тақозо этади.

Ижтимоий кам таъминланган оилада ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсони бўлган фарзанд туғилганда, уларга ногиронликни белгилаш учун турли хил текширувлар, стационар ёки амбулатор даволанганлик тўғрисида касаллик тарихидан кўчирмалар талаб қилинарди. Натижада бола ижтимоий кам таъминланган оила фарзанди бўлганлиги учун ногиронлик нафақаси олишда ва ногиронлик маълум бир вақтга ( бир ёки икки йилга) белгиланиши ота оналари орасида турли хил муаммолар, сарсонгарчиликларни келтириб чиқараётган эди.

Давлат дастуридаги ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда, ногиронликни муддатсиз даврга белгилаш тизимининг жорий этилиши биринчи навбатда, ушбу соҳада коррупция ҳолатини олдини олса, иккинчи томондан ногиронлар ҳар уч ва олти ойда сарсон бўлиб касаллик тарихи очириб, стационар ва амбулатор равишда даволанмасада касаллик тарихидан кўчирма учун сарсон бўлишмайди.

Бир сўз билан айтганда, Давлат дастурида ногиронлиги бўлган инсонларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор муҳим йўналишларнинг белгиланиши уларни ижтимоий ҳимоя қилиш билан бир қаторда умидсизлик ҳамда ишончсизлик кайфиятидан халос этиб, ҳаётга муносабатини, қарашини ўзгартиришга хизмат қилади. Бу эса жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлаш ва ижтимоий адолат принципини қарор топтиришнинг энг муҳим шартларидан биридир.

 

Муқаддас Ўрозалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, Фан,таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис Давлат дастурига таклифлар
← Рўйхатга қайтиш