Ижтимоий тадбиркорлик жамиятдаги ижтимоий адолат тамойилларини янада мустаҳкамлайди

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида Ижтимоий тадбиркорлик жамиятдаги ижтимоий муаммоларини ҳал қилишнинг гаровидир” мавзусида онлайн шаклда давра суҳбати ташкил этилди. Унда партия Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти вакиллари иштирок этди.

Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг асосий мақсади жамиятга фойда келтириш ҳисобланади. Яъни, оддий тилда айтганда, бундай тадбиркорлик субъекти жамият манфаатларини кўзлайди, ижтимоий адолат принципини ёқлайди. Хусусан, бундай фаолият аҳолининг ижтимоий заиф қатлами турмуш даражасини яхшилашга (иш билан таъминлаш, ижтимоий товарлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ижтимоий хизматлар кўрсатишга) қаратилган бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда ҳам «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунни қабул қилишга зарурат туғилди. Қонун лойиҳасининг мақсади ижтимоий заиф қатлами турмуш даражасини яхшилашдир. Айни кунда қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар шу ҳақида алоҳида тўхталишди. Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами турмуш даражасини яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш мақсадини кўзлаган ушбу қонун лойиҳасини партия электорати манфаатини нуқтаи-назаридан кўриб чиқишди.

 

Боймурод Юсупов, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

– Сўнгги пайтларда ижтимоий тадбиркорлик тушунчаси тез-тез тилга олиняпти. Айтиш керакки, мамлакатимизда ижтимоий адолат тамойилларини янада юксалтириш учун бунинг аҳамияти ниҳоятда каттадир.

Амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринлари яратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар белгиланган. Аммо ижтимоий тадбиркорликка оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари мавжуд эмас эди. Шундан келиб чиқиб, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра товарлар(хизматлар)ни харид қилишда ёки меҳнат бозорида иш топишда қийинчиликка дучор бўлаётган ёхуд ўзгаларнинг кўмагига муҳтож шахслар ижтимоий заиф қатлам ҳисобланади. Ушбу қатламга кимлар киради?

Булар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон болалар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган касалликлар ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликлар (сил, онкологик, психиатрик, наркологик, эндокринологик, инфекцион, таносил касаллиги, ОИТС, махов ва касб касаллиги)га чалинган шахслар, қарамоғида 16 ёшга тўлмаган ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслардир.

Шунингдек, ушбу қатламга ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ошмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари, “Меҳрибонлик” уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари, жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган шахслар, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахслар киради.

Демак, ушбу қонун лойиҳаси бевосита электоратимиз манфаатини кўзлайди. Бу орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг яшаш, турмуш шароитлари яхшиланади, балки уларнинг бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтириш учун ҳам қулай имкониятлар яратилади. Шу нуқтаи-назардан, қонун лойиҳасини кенг муҳокама этиш, ҳудудларда олиб борган назорат-таҳлил натижалари бўйича асосли ва муҳим таклифлар беришимиз керак...

Мулоқот давомида қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг муҳокама этилди, ижтимоий аҳамияти тушунтирилди, иштирокчиларнинг таклифлари эшитилди. Ижтимоий тадбиркорлик институтини яратиш ва уни ривожлантириш учун давлат томонидан тўлақонли қўллаб-қувватлаш тизимини амалиётга жорий этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш