Кластер тизими: миллий иқтисодиёт ривожи учун катта имкониятлар дегани

 

Глобаллашув шароитида барча соҳалар қаторида қишлоқ хўжалигида ҳам интеграцион жараёнлар юзага келади. Бу эса ўз-ўзидан коммуникацион тизим ва инфратузилмани тақозо этади. Ҳозирги шароитда инновацион тараққиёт йўлига ўтиш янги иқтисодий тузилма “кластер” ларни жорий этиш шу жиҳатдан аҳамиятлидир. Оддий тилда айтганда, бозор тамойилларига ўтишда кластер тизими муҳим омилдир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда қишлоқ xўжалигини ривожлантиришда дастлабки вазифалар қаторида минтақавий қишлоқ xўжалиги кластерларини яратиш белгиланган.

Шу асосида мамлакатимизда аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кластер усули йўлга қўйилди, бу оқрали экин турлари замон талабидан келиб чиқиб ўзгартирилди. Натижада ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам кўпаймоқда, аграр тизимда меҳнат қилаётган минг-минглаб одамларимизнинг манфаатдорлиги ошмоқда. Кластер ҳудудларнинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши ортиб бормоқда. Ушбу ёндашув иқтисодий жиҳатдан устувор тармоқлар ва лойиҳаларни аниқлаш имконини ҳам бермоқда.

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ биринчи навбатда, аграр соҳага эътиборни кучайтириш масаласи кўндаланг турганди. Чунки, анча жиддий комплекс муаммоларни ҳал этиш учун кўп вақт ва куч, маҳорат талаб қилинарди. Асосий муаммолар орасида соҳанинг ўта юқори даражада тартибга солингани ва мажбурий меҳнат кабилар асосий ўринда турган.

Ўтган давр мобайнида муаммоларни ҳал этиш учун жиддий қадамлар ташланди. Айниқса, сўнгги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Ишни самарали ташкил этиш ва бошқариш имконияти юзага келди. Пахтачиликда мутлақо янгича иш тутумига, яъни кластер тизимига ўтилгани меҳнатга муносабатни тубдан ўзгартирди. Қисқаси, қишлоқ хўжалигида шу пайтгача амал қилиб келган эскича иш услубидан бутунлай воз кечиш, шунчаки хом ашё етиштириш манбаига айланиб қолган соҳани тубдан ислоҳ этиш бўйича янги услуб, янги тизимда иш бошланди.

Жумладан, кластерлар, кооперациялар ташкил қилинди. Сувни тежаш, ерларни ўзлаштириш бўйича кўп ташаббусларни бошладик. Хусусан, ўтган йил қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 5 та қонуни, Президентнинг 12 та фармони ва 30 дан ортиқ қарори ҳамда ҳукуматнинг кўплаб қарорлари айни шу йўналишга қаратилди. Айни кунда мамлакатимизда 97 та пахта-тўқимачилик, 149 та мева-сабзавотчилик, 65 та ғаллачилик, 35 та шоличилик ва 7 та доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган кластерлар фаолият юритмоқда. Бу қишлоқ хўжалигига татбиқ этилаётган янгича ёндашувнинг амалий тасдиғидир.

Хўш, кластер ўзи нима? Бу ишни тўпланиб амалга ошириш, дегани. Масалан, пахта етиштиришни олайлик. Ундан маҳсулот ишлаб чиқариш учун даставвал уни толага, кейин эса ип калавага айлантириш керак. Ип калава орқали эса мато ишлаб чиқарилади. Сўнгги босқичда эса матодан маҳсулот ишлаб чиқарилади. Кластер орқали шуларнинг барчаси бир тизимга шакллантирилади. Қисқа қилиб айтганда, кластер модели маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сотишгача бўлган яхлит занжир яратилади.

Пахтачилик, боғдорчилик ва бошқа йўналишларда ташкил қилинган агрокластерлар ҳар томонлама афзаллигини намоён этмоқда. Бугунги кунда юртимизнинг деярли барча вилоятлари ўзининг катта-кичик кластерларига эга. Энг муҳими, дунёнинг ривожланган давлатлари амалиётида синалган, яхши самара берган кластер усулида иш фаолиятини ташкил этиш зарур бўлса ҳар қандай шароитга мослаша олади, иқтисодий, ижтимоий ва ишсизлик муаммолари бўйича самарали ечим топа олиш имкониятини яратади.

Шунинг учун, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини кластер тизими орқали ривожлантириш борасида кўпгина амалий ишлар бошланди. Хусусан, биргина замонавий пахта-тўқимачилик кластерини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, ушбу кластер эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ускуналар, махсус транспорт воситалари ва техника, ҳайвонлар ва ўсимликлар, ветеринария препаратлари, хом ашё ва материаллар, қурилиш моллари ва иссиқхона комплекслари 2022 йилнинг 1 январига қадар муддатда божхона тўловларидан озод қилинди.

Албатта, бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб масалага айланган бир пайтда, қишлоқ хўжалигини ҳар томонлама ривожлантириш зарурати юзага келмоқда. Чунки йилдан-йилга аҳоли сони кўпайиб бормоқда, шунга яраша бозорда талаб ҳам, эҳтиёж ҳам ортиб боради. Демак, унумдорлик ва ҳосилдорликни ошириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уларни рағбатлантириш масаласи бир дақиқа бўлса ҳам эътибор марказимиздан четда қолмаслиги керак.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ва ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш