Имзо тўплаш қизғин давом этмоқда

Бугунги кунда мамлакатимиздаги сиёсий партия­лар олдида турган энг муҳим вазифа — бу сайловолди кампаниясида муваффақиятли иштирок этишдир. Имзо тўплаш эса бу жараёнда муҳим сиёсий босқич ҳисобланади. Халқ демократик партиясининнг ҳудудий ташкилотларида бу жараён уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Шу пайтга қадар 10 мингга яқин имзо йиғилди.

— Қорақалпоғистон республикаси бўйича 1000 га яқин имзо варақалари тўлдирилди, — дейди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси Халила Ешимбетов. – Жойларда имзо тўп­лаш ишларини юқори савияда ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Бу жараёнда 630 та бошланғич партия ташкилотимиз, 36 мингдан ортиқ аъзоларимиз фаол иштирок этяпти.

— Имзо тўплашда пар­тиямизнинг туман ва шаҳар кенгашлари, бошлан­ғич ташкилотлари фаол иштирок этаяпти, — дейди Ўзбекистон ХДП ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари Х. Юнусова. — Жойларда партия фаоллари томонидан имзо варақаларини тўлдириш тартиби тушунтирилди, унга қатъий риоя қилиш масалалари назоратга олинди. Бу борада, айниқса, Тошлоқ туман партия кенгаши алоҳида намуна кўрсатмоқда. Ҳозирда ажратилган варақаларни тўлдириш ишлари қизғин олиб бориляпти.

— Шунга амин бўляпманки, пар­тия­мизга хайрихоҳ, унинг ғояларини қўллаб-қувватлаётган кишилар сафи кенгайиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари Беҳзод Эшмирзаев. — Имзо тўплаш жараёнида одамларнинг фаоллигини кузатиб ҳам буни англаш қийин эмас. Вилоятимиз бўйича Сардоба, Оқолтин туман партия кенгашлари сайловчилар имзоларини йиғиш бўйича фаоллик кўрсатмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, яқинда қабул қилинган Сайлов кодексига асосан сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли.

 

Лазиза ШЕРОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш