Алишер Навоий туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанага айланган. Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрь кунги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида унинг бадиий-илмий мероси инсоният маънавияти йўлидаги улкан мерослигини улуғлаш йўлидаги бир қадам бўлди.
Бугунги кунда мустақил фикрлайдиган ҳар бир одам Алишер Навоийни теран ва кенгроқ англаши зарурдир. Кўпчилигимиз Алишер Навоийни яхши тушунмаймиз, тасаввуф қандай таълимот эканлигини билмаймиз. Шунинг учун ҳам шоир асарларининг туб маъносини етказиб беролмаймиз. Эҳтимол, унинг бу қайдлари кимгадир эриш туюлар. Оддий китобхонни қўя турайлик. Шоир – шоирнинг, ёзувчи – ёзувчининг ёзган нарсасини ўқимай қўйган замонда ўқувчининг дид, савия ва ички талаблари деярли унутилган бир даврда, кўпчиликнинг Навоийга қизиқиш сабаблари тўғрисида ўйласа асло зарар қилмас эди.
Ҳар биримизда мен Алишер Навоийнинг авлодиман, деган фахр туйғусини уйғотишда шахсий ўрнак бўлишимиз керак!
Алишер Навоийни комил инсон сифатида кенг омма таниши керак. Унинг номи кўча, муассаса ва илм даргоҳларига берилган, номини абадийлаштиришда қалбларимизда қанчалик ўрин эгаллаганлиги ҳақида ҳам ўйлаб кўрайлик.
«Навоийни бугун яхши ўрганмоқ керак!» – дейилганда, «Кеча нега яхши ўрганилмади?» – деган саволга ҳам жавоб топиш керакдир. Маънавиятимизни тасарруф этишда тасаввур қиладиган имкониятларимиз бисёр, азизлар нафақат Алишер Навоийни балки шу йўлда хизмат қилган комиллик, эзгуликни қалбларига жо қилган алломаларимиздан Нажмиддин Кубро, Ғаззоллий, Жомий, Румий каби орифона сатрлар соҳибларининг меросларини ўқиб ўрганайлик!
Шохрух ЎКТАМОВ,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари,
Ёшлар парламенти аъзоси.