Давлат дастури: Ўзбекистон тиббиёти янги даражага чиқади

 

Президентимиз фармони билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди. Унда белгилаб берилган чора-тадбирлар кенг кўламли ишларнинг мантиқий давомидир.

Айтиш керакки, ушбу муҳим стратегик ҳужжат халқимиз манфаатларини тўла ифода этган, одамларга фойдаси тегадиган, шаҳар ва қишлоқларимиз тараққиёти учун яна бир муҳим қадам бўла оладиган муҳим асос, давлат ва жамият имкониятларини ягона мақсадга жипслаштирадиган ўзига хос таянчдир. Дастурдаги ҳар бир вазифа, йўналиш бевосита халқ манфаати, мамлакат тараққиётига хизмат қилиши билан ўта аҳамиятлидир,

Ҳаммамиз яхши биламиз, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилмасдан туриб, бошқа соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлаб бўлмайди. Соғлом инсонгина жамиятдаги яратиш, бунёдкорлик ишларига дахлдорлик билан яшайди, катта-катта ишларга қодир бўлади. Давлат дастурида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, жорий йилда 24 та соғлиқни сақлаш объектларини қуриш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш режалаштирилди. Шунингдек, ҳудудларда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина тизимини оммалаштириш белгиланди. Кўриниб турибдики, тиббий хизмат сифатини ошириш, бунинг учун замонавий шароит ва барча қулайликларни яратишга эътибор янада кучаяди.

Яна бир аҳамиятли томони, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини такомиллаштирилади. Яъни бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга 5 та ёрдамчи ҳамширадан иборат тиббий бригадалар ташкил этилади. Шу орқали тиббиёт мутахассислари ҳар бир оилага кириб боради, ҳар бир фуқаронинг соғлиги қатъий назорат қилинади.

Биламизки, юртимиздаги табиий шароитда буйрак касалликларини келтириб чиқариш омиллари кўпроқ юзага келади. Маълумотларга кўра, бугунги кунда аҳоли ўртасида ўткир буйрак етишмовчилиги билан касалланиш кўп кузатилмоқда. Шошилинч диализга эҳтиёжманд беморлар ва айниқса, улар орасида болалар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Шунга асосоан, Давлат дастурида гемодиализга муҳтож беморларнинг йиллик 20 фоизга ўсишини ҳисобга олган ҳолда, 5 мингдан ортиқ беморни бепул гемодиализ хизмат билан қамраб олиш режалаштирилди.

Албатта, бу каби муаммолар даволашнинг замонавий инфратузилмасини ташкил этиш заруратини қўяётган эди. Шундан келиб чиқиб, хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида режа бўйича жорий йилда 100 та сунъий буйрак аппарати, 33 та сув тозалаш мосламаси, 44 та миксер, 665 280 та комплект диализатор ва унга мос равишда бошқа сарфлов воситалари харид қилиш назарда тутилди. Шунингдек, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказишни йўлга қўйиш режалаштирилди.

Касбим шифокор бўлгани учун тиббиётдаги ҳар бир жараённи, ислоҳотларни, ўзгаришлар, муаммоларни ўрганиб бораман. Маълум бўлишича, нефрология, сурункали ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги аксарият ҳолларда меҳнатга лаёқатли, ижтимоий фаол инсонлар орасида учрамоқда ва унинг белгилари намоён бўлмай яширин равишда кечиш ҳоллари кўп кузатилади. Бу эса касалликнинг ниҳоятда хавфли тус олишига олиб келмоқда. Терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги билан хасталанган беморларни даволашда икки усул — мунтазам гемодиализ орқали даволаш ва буйрак трансплантацияси самара беради. Шуларни инобатга олиб айтадиган бўлсак, жорий йил Давлат дастурига айнан мазкур йўналишда белгиланган чора-тадбирлар барчаси ҳаётий заруратга айланиб улгурган эди. Белгиланган ушбу вазифалар касалликнинг профилактикаси, диагностикаси ва даволаш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш ниҳоятда муҳимдир. Бу орқали тиббиёт тизимида нефрологик касалликларнинг эрта олдини олишга ва уларни даволаш имкони ортади.

Тиббиёт соҳасида ҳудудларда кўп йиллар фаолият юритган мутахассис, шу билан бирга, сайловчиларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитган депутат сифатида айтишим керакки, аҳолининг кўпчилиги тиббий хизмат сифатидан рози эмас. Давлат дастурида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантиришни кўзда тутувчи бир қатор муҳим вазифаларнинг белгиланиши одамларда ҳақли эътироз уйғотаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, одамларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини янада оширади.

Ўйлайманки, бироз вақт ўтиб Ўзбекистон тиббиёти янги даражага чиқади. Тизимдаги ислоҳотлар аҳолининг ҳаётдан розилиги, эл-юртимиз тараққиётига хизмат қилади.

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш