ЎзХДП фракцияси ва барча даражадаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини тубдан кучайтириш чоралари белгилаб олинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ва партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда жорий йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан ўтказган очиқ мулоқотида билдирилган кенг қамровли таклиф-тавсиялар, шунингдек, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган йиғилишда ҳудудлардаги студиялардан партиянинг Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, жами 300 га яқин фаоллар иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юртимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашувида халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партияларнинг ўрни катталиги таъкидланиб, улар ўз депутатлари орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, айни пайтда, ечими бўйича таклифлар бериши, айниқса, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориши юзасидан муҳим тавсиялар илгари сурилган эди.

Қўшма мажлисда Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов давлат ва жамият ҳаётига доир кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини ошириш жараёнида партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаол иштирокчига айланиши зарурлигини таъкидлади.

Партиянинг парламентдаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги 1600 нафарга яқин депутатлардан иборат партия гуруҳлари фаолияти танқидий таҳлил этилди. Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги дастурларни амалга ошириш, бандликка кўмаклашиш йўналишларида депутатлик корпусининг иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Мажлисда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш, Давлат дастурида ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган вазифалар, жумладан, партия дастурий мақсадлари бевосита билан боғлиқ бўлган бандлар ижросини таъминлаш бўйича парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.

Қўшма мажлисда билдирилган таклифлар асосида Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини халқимиз ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича 6 та йўналишда 40 дан ортиқ вазифани ўз ичига олган “йўл харита”си қабул қилинди.

Унга кўра, бундан кейин Ўзбекистон ХДП жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш бўйича “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тартибидаги ишларни ташкил қилишда янгича механизм асосида қатнашади. Бу йўналишда партиянинг тегишли чора-тадбир дастури ишлаб чиқилмоқда.

Партиянинг янги – “Депутат маҳаллада” лойиҳаси орқали “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан секторлар кесимида манзилли ишлаш, фаол депутатлар, профессионал тренерлар, психологлар, муваффақиятли тадбиркорлар иштирокида мотивацион тренинглар ҳамда “мастер класс”лар йўлга қўйилади.

Ҳудудларда парламент ва депутатлик назорати асосида аниқланган муаммоларни тезкор ҳамда самарали ҳал этиш мақсадида маҳаллий Кенгашлар сессиялари, зарур ҳолларда, Олий Мажлис палаталари мажлислари муҳокамаси учун масалалар тайёрланади. Барча даражадаги депутатлар корпусининг “туман-вилоят- марказ” тартибида ишлаш тизими жорий этилади.

Шунингдек, ҳозирги изчил ижтимоий сиёсатга мувофиқ тарзда партиянинг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” тузилмалари фаолияти бутунлай қайта кўриб чиқилади, бунда ёшлар ва аёлларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга тадбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти”га фаол ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш бўйича партиянинг алоҳида дастури қабул қилинади.

Мажлисда партиянинг электорат манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ принципиал масалалардаги сиёсий фаолиятини кучайтириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидландики, жойларда бирламчи тиббий ёрдам, яъни қишлоқ оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида хизматлар сифатининг пастлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Ушбу соҳага оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатларининг сифатли ижро этилмаётгани бунга асосий сабаб бўлмоқда. Шунинг учун партия бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам даромадли аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантириш устидан тизимли парламент ва депутатлик назоратини ўрнатади, бу йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Олис қишлоқларнинг барчасида ҳам болаларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, спорт, мусиқа ва санъат билан шуғулланиши учун шароит яратилмаган. Партия депутатлик тузилмалари олис қишлоқлардаги болалар учун мўлжалланган маданият муассасалари, спорт иншоотлари, “Баркамол авлод” марказлари, мусиқа ва санъат, спорт мактаблари ҳолатини танқидий ўрганиб, мазкур соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни режалаштирди.

“Меҳрибонлик” уйларидан чиққан ёшларни ижтимоий ҳимоялаш масаласи бу йил партиянинг алоҳида эътиборида бўлади. Бундай ёшларни уй-жой билан таъминлаш бўйича Давлат дастурида кўзда тутилган маблағдан самарали фойдаланиш, бунинг механизмини ишлаб чиқиш бўйича партия фракцияси вазирликлар, депутатлик гуруҳлари эса маҳаллий ҳокимликлар билан маслаҳатлашувлар ўтказиб, амалий таклифлар тайёрлайди.

Бундан ташқари, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари боқимандалик кайфиятига қарши маҳаллалар даражасида тарғибот ишларини кучайтиради.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Йиғилишда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар бўйича батафсил маълумот берамиз. Бизни кузатиб боринг!

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш