Фуқароларнинг қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги таклифлари алоҳида эътиборда

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Адвокатура фаолиятининг кафолатларига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш” масаласига оид олиб борилган ўрганиш ва тахлиллар шуни кўрсатмоқдаки адвокатура ҳанузгача одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлана олмагани, адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига халал бераётган қатор омиллар мавжудлиги маълум бўлмоқда. Хусусан:

— биринчидан, мамлакатда адвокатлар сонининг етарли эмаслиги (маълумот учун: Ўзбекистоннинг қарийб 34 миллионга яқин аҳолисига бор-йўғи 4 мингта адвокат тўғри келмоқда), яъни ҳозирги кунда адвокатлар сонининг етарли эмаслиги оқибатида фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилмаяпти, судларда ишларни юритишда тортишув принципи амалда таъминланиши чекланмоқда;

— иккинчидан, адвокатуранинг чинакам мустақиллиги тўлиқ таъминланмаганлиги;

— учинчидан, адвокатлик касбига қабул қилиниши устидан давлат назорати механизми ҳанузгача сақланиб келинаётганлиги;

— тўртинчидан, Адвокатлар палатасининг адвокатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда етарлича ҳуқуқий воситаларга эга эмаслиги каби ҳолатлар мавжудлиги аниқланмоқда.

Бу масалада, Қўмитага фуқаролардан адвокатура фаолиятига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масаласида келаётган таклифлар ҳам ўрганиб, таҳлил қилиб борилмоқда.

Жумладан, Тошкент туманидан фуқаро М.Гильманова томонидан “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қуйидаги ўзгартиришларни киритилишини таклиф этилган. Хусусан, қонуннинг 3-моддасида “Олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин»лиги белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳномасига эга бўлган шахслар бу фаолият тури билан шуғулланиши белгиланмасдан қолганлигини маълум қилиб, ушбу моддани “Олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ва доимий яшаш гувохномасига эга бўлган шахслар Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин” сўзларига алмаштириш, шунингдек, қонуннинг 16-моддасидаги “адвокат Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда” деган нормани чиқариб ташлаш кераклиги тўғрисидаги таклифни берган.

Ушбу таклифлар Қўмита томонидан ўрганиб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сонли Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси” сининг 10-бандига асосан, 2021 йилда «Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиш белгиланганлиги сабабли Адлия вазирлигига қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда инобатга олиниши учун юборилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси «Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқилиши бугунги кунда жуда долзарб, деб хисоблаб, келиб тушаётган мурожаат ва таклифлар ҳамда амалга оширилган ўрганишлар асосида Қонун лойиҳасининг концепциясига ўз таклифларини бериб бормоқда.

 

Аваз Ўринбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш