Давлат дастури: аҳоли фаровонлигини ошириш мақсад қилинган

 

Маълумки, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

Ушбу дастур 274 та банддан иборат бўлиб, бешта йўналиш ичида энг кўп амалга ошириладиган ишлар 3-йўналиш– иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш соҳасида 96 та ҳамда 4-йўналиш – ижтимоий ривожланиш соҳасида 84 та ҳисобланади. Жамоатчилик муҳокамасида ҳам энг кўп таклиф ва фикрлар фуқаролар томонидан айни мазкур йўналишларда билдирилган эди.

Давлат дастурида амалга оширилиши назарда тутилган вазифалар бўйича 90 га яқин қонун, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланган.

Жумладан, дастурнинг 27-бандида – маъмурий жазолар миқдорини маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб мақбуллаштириш белгиланган. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган жазо миқдорларини ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш, жарима тарзидаги маъмурий жазоларни мақбуллаштириш назарда тутилади.

Дастурнинг 47-бандига кўра жорий йилда ҳар бир ҳудудда биттадан туманда бюджет харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартибни жорий этиш, ушбу маблағларни мақсадли сарфланишини назорат қилиш учун халқ депутатлари туман Кенгашида тегишли мансабдор шасхларнинг ҳисоботини эшитиш, туман ва шаҳар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик томонидан билдирилган тадбирларга йўналтириш бўйича намунавий тартибни тасдиқлаш юзасидан норматив ҳуқуқий-ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Ушбу ҳужжатнинг 145-бандига асосан аҳолининг минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш, 200-бандида эса чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлаш, бошпанасиз қолган, оғир турмуш шароитига тушиб қолган оилалар ва шахсларни вақтинчалик ёки умрбод мулк ҳуқуқи берилмаган ҳолда жойлаштириш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан уй-жой сотиб олиш тартибини жорий этишни назарда тутувчи эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш ҳақидаги норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар қабул қилинади.   

Бир сўз билан айтганда, Давлат дастурида халқимизни қийнаб келаётган, ечилиши зарур бўлган кўплаб муаммо ва масалаларини ҳал этиш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш мақсад қилинган. Эндиги вазифа уни ўз муддатида ва сифатли тарзда амалга ошириш ҳисобланади. Албатта, биз депутатлар уни бажарилиши юзасидан таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишимиз зарур.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш