Фидойи ва жонкуярлар замони келди...

 

Хабарингиз бор, кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ва партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда жорий йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан ўтказган очиқ мулоқотида билдирилган кенг қамровли таклиф-тавсиялар, шунингдек, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтириш бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.

 

Улуғбек Вафоев, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси:

– Жорий йил 2 февраль куни давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан ўтказган очиқ мулоқоти ниҳоятда самимий бўлиб ўтди, муаммолар таҳлил этилди. Тўғриси, учрашувдан жуда катта куч, эртанги кунга ишонч олиб чиқдик.

Айтиш керакки, ҳозир маҳаллий Кенгашларга катта ваколатлар берилди. Ана шу сиёсий майдон орқали сиёсий партиялар дастурий мақсадларини амалга оширади. Имкониятлар кенг, ҳуқуқий шароитлар етарли, демак шунга муносиб тарзда ишлашимиз керак.

Учрашувда “Депутат ёрдамчиси” институтини жорий этиш таклиф қилинди. Буни қонунчиликка мустаҳкамлаш, ваколат бериш масаласи кўтарилди. Демак, депутатлар учун янада катта имкониятлар берилади, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қиладиган ташаббуслар янада кўпаяди. Шундан келиб чиқиб, партиямиз ташкилотлари ва депутатларнинг ҳамкорлигини янада кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман.

Ижроия қўмита йиғилишида Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини халқимиз ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича 6 та йўналишда 44 та вазифани ўз ичига олган “йўл харита”си қабул қилинди. Унинг иккинчи йўналишида партиянинг ахборот маконидаги ўринини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда партиянинг, депутатларнинг муносабатларини эълон қилиш, ахборотларни тарқатиш бўйича янги чора-тадбирлар белгиладик. Чунки, бу жамоатчилик фикрини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

 

Топиболди Холдоров, Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгашидаги ЎзХДП депутати:

– Аҳолини ўйлантираётган муаммолардан хабардор бўлиш учун ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга кириб бориш, сайловчилар билан очиқ мулоқотларни кўпайтириш керак. Бежизга бугун шундай талаб қўйилмаяпти. Жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўз кўзимиз билан кўриб, одамларнинг фикр-мулоҳазаларини реал вазиятдан келиб чиқиб ўргансак, шунда муаммо ечими бўйича асосли таклиф бера оламиз. Бу орқали нафақат ўзимиз ҳам ишимиздан қониқиш ҳосил қиламиз, балки сайловчилар, хайрихоҳларимиз олдида юзимиз ҳам ёруғ бўлади.

Бир мисол, яқинда Ёзёвон туманида яшовчи 80 ёшли отахоннинг уйига бордик. Маълум бўлдики, отахон келини, невараси билан ниҳоятда абгор ҳолга келиб қолган уйда, қийналиб яшаб келаётган экан. Биз ушбу оилани уй-жой билан таъминлаш масаласида мутасаддиларни, сектор раҳбарларини ҳам жалб қилдик. Ҳаракатларимиз бесамар кетмади. Яқинда отахон оиласи билан барча қулайликларга эга, жиҳозланган янги уйга кўчиб ўтди.

Ҳар бир депутат ҳар куни ўзига “Бугун депутат сифатида нима иш қилдим?”, деган саволни бериши керак. Бунга жавоб топа олмадикми, демак ишни ўзимиздан бошлашимиз керак. Аввало, ўзимизга ўзимиз ҳисоб беришимиз, шахсий жавобгарлигимизни оширишимиз, виждонимизни уйғотишимиз зарур. Эртага, бизга овоз берган, депутат қилиб сайлаган одамлар орасига бошимизни баланд кўтариб боришимиз учун ҳаракатни бугундан бошлашимиз лозим.

 

Жавлон Абдуллаев, Халқ депутатлари Косонсой туман кенгашидаги ЎзХДП депутати:

– Юқорида тўғри айтилди, депутатлик ниҳоятда масъулиятли вазифа. Бу масъулият ортида сайловчи ишончи турибди. Демак, одамларнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлишимиз керак. Аслида, халқ хизматида бўлишнинг ўзи ҳам катта бахтку.

Ҳаммамиз ишимизда амалий натижа бўлишини, бирор-бир янгилик қилишни истаймиз. Айниқса, партия фаоллари ва депутатларнинг зиммасидаги масъулият катта. Чунки бизнинг фаолиятимиз бевосита одамларнинг ишончи, эл-юрт манфаати билан боғлиқ. Ҳар бир депутат сайловчилар билан шунчаки мулоқот ўтказмаслиги керак. Аксинча, учрашувдан кейин аниқ натижа учун ишлашимиз, сайловчининг мурожаатини, муаммосини ҳал этиш устида изланишимиз, интилишимиз, курашишимиз керак. Кўпроқ одамларнинг фикрини тинглаб, уларнинг мулоҳазалари билан ўртоқлашиш орқали кутилган натижага эришамиз, деб ўйлайман.

 

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши масъул ходими

Лазиза Шерова ёзиб олди.

Теглар

Олий Мажлис Президент Мурожаатномасига муносабат Давлат дастурига таклифлар
← Рўйхатга қайтиш