Омбудсман ҳисобот берди

 

2021 йил 12 февраль куни парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунлар ва ташкилий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, фуқаролар ҳамда мансабдор шахсларнинг ижтимоий онги ва хабардорлигини ошириш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга доир фаолият инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Омбудсманнинг идоралараро органлардаги фаолияти ҳақида атрофлича ахборот берди.

Қайд этилдики, 2020 йилда Омбудсман номига мамлакатимиз фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 14 975 та мурожаат қабул қилинди. Мурожаатларнинг 176 таси қонун талабларига мувофиқ белгиланган тартибда аноним деб топилди.

 

Ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларнинг 33,5 фоизи инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликларига, 37,3 фоизи ижтимоий, 25,3 фоизи иқтисодий, 3,0 фоизи сиёсий ва 0,7 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.

Маҳаллий давлат ҳокимияти, ички ишлар, аҳоли бандлигини таъминлаш органлари, шунингдек, молиявий-иқтисодий муассасалар, прокуратура идоралари, коммунал хизматлар, соғлиқни сақлаш тизими, таълим ҳамда солиқ идоралари, мажбурий ижро бюроси ҳамда бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар фаолияти фаолияти билан боғлиқ шикоятлар Омбудсманнинг алоҳида назоратида бўлган. 2020 йил давомида Омбудсман бу борада 11 368 та шикоятни қайд этган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) номига фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ мурожаатлари ҳам алоҳида тартибда ўрганиб чиқилмоқда. Ўтган йили парламент назорати субъекти сифатида Вакилга ушбу масалада 5 586 та мурожаат тушган. Шундан уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш масаласи бўйича 1064 та, турар жой майдони олиш ва уни кенгайтириш масаласи бўйича 849 та, ижтимоий имтиёз ва нафақалар, моддий ёрдам бериш масаласи бўйича 755 та, судда ҳимоя қилиш масаласи бўйича 561 та, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш масаласи бўйича 475 та, оилавий ҳуқуқларни таъминлаш, оталик ва оналикни ҳимоя қилиш масаласи бўйича 471 та, суд қарорлари ижроси масаласи бўйича 444 та, ишга жойлаштириш масаласи бўйича 432 та, пенсия таъминоти ва ногиронлик нафақаси масаласи бўйича 275 та ва таълим масаласи бўйича 260 та мурожаат бўлди. Бундан олдинги йиллар билан солиштирганда, ушбу йўналишларда мурожаатлар сезиларли даражада ошгани кузатилди.

Ҳисобот йили давомида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан Омбудсманга 1046 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 442 таси меҳнат ҳақи ва бошқа тўловларнинг ўз вақтида берилмаганлиги, 289 таси ишдан асоссиз бўшатилганлиги, 226 таси иш берувчининг ҳаракатларидан норозилиги, 89 таси қисқартириш ёки бошқа ишга ўтказиш чоғида меҳнат қонунчилиги бузилганлиги ҳолатлари келтириб ўтилган.

Фракция аъзолари Омбудсман институтининг бугунги ислоҳотлар даврида янада долзарб аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлашди. Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш ва узил-кесил ҳал қилиш бўйича амалий ишларни кўпайтириш лозимлигига эътибор қаратишди. Депутатлар Омбудсман ҳисоботларини асосан натижадорликка қаратиш, индикатор кўрсатгичларини аниқ намоён этиш бўйича ҳам таклифлар бердилар.

Йиғилишда депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Қайд этилдики, қонун лойиҳаси орқали қонуннинг бир нечта моддалари янги нормалар билан тўлдирилмоқда, айримларида эса таҳририй тузатиш киритилмоқда. Хусусан, истеъмолчилар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш мақсадида бекор қилинган кредит шартномаси бўйича тўланган кредит ва унга ҳисобланган фоизлар суммаси ҳамда бошқа харажатлар истеъмолчига қайтарилиши белгиланмоқда. Нуқсонли товар қайтариб берилганда, товар учун нақд пулда тўлов амалга оширилган бўлсада, товар пулининг нақд пулсиз шаклда ёки аксинча ҳолда қайтарилиши истеъмолчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шунингдек маблағ қайтарилиши истеъмолчи томонидан талаб қилиниши товарни қайтариш учун қонунда белгиланган муддатлар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан, қонунга ушбу ҳолатни тартибга солувчи норма киритилмоқда.

Бундан ташқари истеъмолчилар ҳаёти ва саломатлигига жиддий зарар келтирадиган яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни реализация қилганлик учун юридик шахсларга жарима қўллашни назарда тутиш, умуман истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш таклиф қилинмоқда.

Йиғилишда депутатлар томонидан алоҳида таъкидландики, ушбу қонуннинг қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган юридик шахсларнинг масъулиятини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Фракция аъзолари, шунингдек, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаларини ҳам кўриб чиқишди. Кўзда тутилаётган нормалар бўйича фикр-мулоҳазаларини баён қилишди.

Йиғилиш якунида кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракция позицияси белгиланди ва шу асосда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш