Кексаларнинг ҳаёт тажрибаси, ёшларимиз куч-қудрати бирлашса, ҳамма мақсадларимизга етамиз!

 

Одамларимиз ҳар бир ишда, кундалик турмушдаги юмушларида кўп ҳолларда ёши улуғ отахону-онахонлар билан маслаҳат қилади, улар билан кенгашиб, иш тутади. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки уларнинг ҳаётий тажрибалари ҳаммамиз учун ибрат вазифасини ўтайди. Айниқса, турмуш синовларида тобланган, кўпни кўрган ёши улуғ инсонлар, кекса ва нуронийларнинг пурмаъно ўгитлари, панд-насиҳатлари ёш авлод тарбиясида беқиёс аҳамиятга эга.

Партиямиз сафида ҳам бизга тоғдек таянч ва суянч бўлиб турган мўътабар нуронийларимиз,фидойи кексаларимиз жуда кўп. Шундай экан турли соҳаларда самарали ва мазмунли меҳнат қилиб, нафақага чиққан фахрийларимизни аниқлаш, уларни бир ғоя остида бирлаштириш ва мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғибот қилишга ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтириш бугунги асосий вазифамиздир.

Эътибор берган бўлсангиз, давлатимиз раҳбари қайси вилоятга ташриф билан борса, энг аввало, шу юртнинг гапга етар оқсоқоллари ва ёшлари билан учрашади, улар билан дилдан суҳбатлашади. Уларнинг таклиф ва фикрларини эшитади. Бунда катта маъно бор, албатта. Чунки, йиллар давомида дуч келган синовларда тобланган, яхши-ёмоннинг фарқига борадиган нуронийлар жамиятнинг ишончли устунларидир. Халқимиз уларга ишонади, қулоқ тутади.

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ва партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма мажлисида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини халқимиз ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш борасида устувор вазифалар тўғрисида 44 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унда сиёсий партиялар партия фахрийларининг салоҳияти ва тажрибасидан кенг фойдаланиши мақсадида партиянинг Марказий, вилоят, туман кенгашларида “Партия фахрийлар кенгаши”ни ташкил қилиш белгилаб олинди.

Бу нуроний отахону онахонларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишини таъминлаш, уларнинг бу борадаги салоҳияти ва тажрибасини жамият учун фойдали ишларга йўналтиришга хизмат қилади, деб ўйламиз. Шунингдек, бу орқали улар одамлар учун керакли эканликларини ҳис этиб, тўлақонли турмуш кечиришларига имконият яратилади. Яна бир аҳамиятли томони, нуронийлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, уларнинг қалбига йўл топиб, хайрли мақсадлар сари ундай оладилар. Шу боис ёшларимиз билан ўтказиладиган учрашувларда уларнинг тажрибаси беқиёс аҳамиятга эга.

Яқинда Президентимизнинг мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан ўтказган очиқ мулоқотида ҳам Ўзбекистон Халқ демократик партиясида жуда ҳурматли ва обрўга эга бўлган инсонлар шу партия аъзоси, деб эътироф этилди. Бу ҳам албатта, партиямиз имиджи учун юксак баҳо, деб ўйлайман. Шундан келиб чиқиб, партиямиз ташкилотлари сафимиздаги фахрийлар, нуронийларимизнинг тажрибасидан фойдаланса, халқ орасидаги обрўси янада ошади.

Ёш авлодни ватанпарварлик, она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, юрт равнақига дахлдорлик ҳиссини шакллантиришда тарғибот ишларининг ўрни беқиёс. Бундай тадбирларнинг самараси, таъсирчанлиги эса тарғиботчиларнинг тажрибаси, фикр-мулоҳазаларини ҳаётий мисоллар орқали тушунтиришларига ҳам боғлиқ. Демак, катта тажрибага эга нуронийлар, узоқ йиллар турли соҳаларда меҳнат қилган обрў-эътиборли кишиларнинг салоҳиятидан фойдаланиш, кечаги ва бугунги кунимизнинг фарқини қиёсий кўрсата олиш олиб бораётган тарғибот ишларимизнинг самарасини янада оширади.

Ўз тажрибамдан ўтказган инсон сифатида бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман. Сиёсий партия раҳбари бўлиб 3 йил фаолият олиб борган бўлсам, доимо партия тадбирларида фахрий партиямиз аъзоларини ёнимда олиб юриб, уларнинг тажрибасидан фойдаланганман ва бу ўз натижасини берган. Партия тадбирларида вилоятда кўп йиллар ишлаган, тажрибали фаолларимиздан, вилоят ва туман Кенгашлари депутатларидан А.Аҳмедов, О.Соатов, А.Чориев, Г.Султонова, Т.Чориева, С.Юсупова, И.Қурбонов, Б.Юнусовлар доим фаол бўлиб келишган.

Ҳозир ҳам ўз сайлов округимда туман кенгаши депутати Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида кексалар билан ишлаш бўйича ўринбосар Б.Тошбоев билан биргаликда тарғибот тадбирларини бирга ўтказамиз. Чунки Б.Тошбоев кўп йиллар ҳоким бўлган халқ орасида обрў эьтибордаги инсон, халқини яхши танийди, ҳозирги сиёсатимизни ҳам халққа ҳаётий мисоллар билан тушунтира олади.

Бир сўз билан айтганда, кексалар ҳаёти энг яхши ибрат мактабидир. йиллар давомида элига хизмат қилган, эндиликда бой меҳнат тажрибаси, ҳаётий ҳикматлари, пурмаъно панд-насиҳатлари билан жамият тараққиётига ҳисса қўшаётган кексаларимизнинг ҳар бир каломи, маслаҳати, мулоҳазаси олтиндан қиммат туради. Уларни қанча қадрласак, фикрларидан қанча кўп баҳра олсак, мазмунли эртамизни таъминлаган бўламиз.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш