Давлат дастури: ижтимоий соҳага муҳим эътибор

 

Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга кўтариш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли барча жабҳада туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Халқимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури ҳам шунга яраша юксалмоқда, ҳаёт тарзи ўзгармоқда, турмушимизда янгича қадрият ва анъаналар шаклланмоқда.

Жамиятнинг ривожланиш стратегияси – бу бош мақсад ва устуворликларни ҳамда сиёсий ислоҳотлар, иқтисодий ва ижтимоий дастурларни амалга оширишнинг изчиллиги, бирин-кетинлигини аниқ белгилашдир. Яққол ифодаланган стратегиясиз барқарор ижтимоий тараққиёт, ҳокимиятнинг турли тармоқлари ва даражаларида хатти-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ресурслар ва кучларнинг оптимал тақсимланишига эришиш мумкин эмас. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжат бўлди. Ҳаракатлар стратегиясининг сўнгги йилда қабул қилинган Давлат дастури ҳам тараққиётнинг бугунги босқичида муҳим дастуриламалдир.

Айтиш керакки, Давлат дастурида биринчи навбатда, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиғини сақлашни кучайтириш, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш, фуқароларнинг бандлиги ва реал даромадларини ошириш, арзон ижтимоий уй-жойлар қурилишини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратилмоқда:

  • 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;
  • уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади;
  • ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;
  • пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;
  • пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;
  • фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.

Маълумки, айнан ушбу йўналишда партиямиз томонидан бир неча йиллардан бери кўтарилиб келинаётган ижтимоий муаммо, яъни пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 февраль ҳолатига бўлган қарздорлиги ҳисобдан чиқарилади.

Давлат дастурида партиянинг электорати ҳисобланган ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2021 йил нинг 1-июнига қадар бир қатор янги амалиёт жорий этилиши белгиланди. Хусусан, муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш амалиётини сертификат бериш тизимига ўтказиб, фуқароларга ўз танловига кўра давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имкониятини яратилади.

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронликни муддатсиз даврга белгиланади. Шунингдек, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, ҳамда оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган аёлларнинг 6 минг 500 нафар хотин-қизларнинг кичик тадбиркорлик лойиҳаларига кредитлар берилади. 1минг 600 нафар оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй жой билан таъминлаш мақсадида, уйларнинг бошлангич бадали тўлаб берилади. 6 минг нафар хотин-қизларни реабилитация воситалари билан таъминланади. Бундан ташқари муҳтож хотин-қизларни протез-ортопедия буюмлари ва воситалари билан таъминланади.

Бундан ташқари, 2021 йил якунига қадар меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож 900 нафар чин етим битирувчилари уй-жой билан таъминланиши белгиланди.

Кўриниб турганидек, жорий йилда ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга эътибор янада кучаяди. Албатта, ҳар қандай жамиятда аҳолининг бундай тоифалари у ёки бу даражада учрайди. Адолатли жамият эса ҳамиша уларни ҳимоя қилишни ўз зиммасига олади. Ўтган йиллар давомида ижтимоий сиёсат борасида тўпланган катта тажрибаларга суянган ҳолда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига қаратилган янги-янги қадамлар ташланаётгани қанчадан-қанча эҳтиёжманд оилаларнинг, эҳтиёжманд инсонларнинг кўнглини кўтарди. Шу орқали жамиятда умуминсоний қадриятлар мустаҳкамланади. Ёнида суянч ва таянч бўлаётган эл-юрти борлигини ҳис этган одамгина катта мақсадлар сари интилади, ҳаётга муҳаббат ва ишонч билан қарайди.

Давлат дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар партиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир, уларнинг аксарияти бевосита электоратимиз манфаатларига хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, барча даражадаги партиямиз ташкилотлари, парламентдаги партия фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аҳолининг ижтимоий таъминотга бўлган эҳтиёжларини тўлиқроқ қондириш борасида ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ишларини ташкил этади.

Партиянинг халқимиз ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш борасида устувор вазифалар тўғрисидаги яқинда тасдиқланган 44 банддан иборат “Йўл харитаси” да бу борада аниқ вазифалар белгиланди. Партия ташкилотлари ва депутатлар ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда иш олиб бориб, белгиланган ҳар бир вазифа ижросига қатъий туриши талаб этилади. Ишга масъулиятсизлик билан қарашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

← Рўйхатга қайтиш