Аёллар ўқиб, касб-ҳунарли бўлмоқда

 

Жамиятда аёл бахтли бўлса, оилалар фаровон бўлади. Ана шу мақсадда мамлакатимизда хотин-қизлар бандлиги ва уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон ХДП Тошкент шахар ҳамда Чилонзор туман кенгаши томонидан тизимли ишлар йўлга кўйилган. Хусусан, “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ечишга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, куни кеча пойтахтимизда жойлашган Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида “Аёлларга кўмак” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар, Чилонзор туман кенгаши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъуллари, партия гуруҳи аъзолари, Тошкент шаҳар Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, Чилонзор туман Бандликка кўмаклашиш маркази мутахассислари иштирок этишди. Бандликка кўмаклашиш маркази бўш иш ўринлари ҳақида хотин-қизларга маълумотлар берди ва уларни ишга таклиф қилди.

Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган аёллар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, улар дуч келаётган муаммолари бўйича саволлар билан мурожаат қилишди, масъул ходимлар ва депутатлар томонидан барча саволларга тўлиқ маълумотлар берилди.

Шундан келиб чиқиб, лойиҳа давомида марказда таҳсил олган, касб-ҳунар ўрганган 65 нафар хотин-қизларга банклардан имтиёзли кредит олишлари учун сертификатлар топширилди. Шу куни 5 нафар аёлларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.

Кўпчилик аёллар ҳунар ўрганганидан хурсанд бўлса, айримлари тадбиркорлигини бошлаши учун жойи йўқлиги ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш ўқув-курслари муддатини кўпайтириш бўйича мурожаатлар қилишди. Хотин-қизларни ўйлантираётган муаммоларга тегишли ташкилотлар билан биргаликда ечим топишга келишиб олинди.

 

Гулшан Асатова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш