Депутатнинг бир куни

 

Депутат халқ вакили. Шундай экан, у депутатлик фаолиятини кабинетда ўтириб эмас, кўпроқ одамлар билан мулоқот қилиш, сайловчилар билан ҳамнафас туриб олиб бориши керак.

Халқ депутатлари Уйчи туман кенгаши депутати Раъно Назарова халқ билан ёнма-ён юрадиган, ҳар бир масалада улар билан бамаслаҳат иш тутадиган фаол депутатларимиздан бири. Яқинда депутат опамиз тумандаги «Ўнҳаят» ва «Ҳизиробод» МФЙларида бўлиб, уйма-уй юриб, сайловчилар билан мулоқот олиб борди. Депутат ушбу маҳаллада жойлашган хонадонларга ташриф буюриб, хонадон эгаларининг ҳар бири билан суҳбатлашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.

– Менга 2019 йилда имтиёзли кредит асосида тикув машинаси олиб беришди. Орзуимга етишимда кўмак берганлар кам бўлмасин. Ҳозир даромадим анча ошди, фаолиятимни кенгайтириш ниятидаман, – дейди Карима Раҳманова.

Карима Раҳманова Уйчи тумани «Ўнхаят» МФЙ Наврўз кўчасида яшайди, 2-гуруҳ ногирони, боқувчиси йўқ. Ҳозирда у маҳалланинг энг олди тикувчиларидан. Шундай бўлсада, ҳеч кимдан кам бўлмасликка, атрофдагиларга наф келтиришга ҳаракат қилади. Ўзи имконияти чекланган бўлишига қарамай, аёллар учун яратган либослари харидоргир.

Шунингдек депутат Ҳизиробод кўчасида яшовчи Умида Дадабоеванинг хонадонига борди. Маълум бўлишича, У.Дадабоеванинг 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор, боқувчиси йўқ. «Аёллар темир дафтари»га уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатга олинган. Лекин бу масала юзасидан қаерга ва қандай тартибда ҳужжатлар тақдим этиш бўйича хабардорлиги йўқлиги аниқланди. Депутат томонидан уй-жой бўйича қандай ҳужжатлар тайёрлаш бўйича туман Давлат хизматлари марказига ариза билан мурожат қилиши тушунтирилди.

Кун давомида депутат томонидан тумандаги Беруний ва Тинчлик кўчасидаги кўп қаватли турар-жойларнинг атрофларини ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, дарахтлар пайвандланиб, ерлар юмшатилди.

Депутат ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларни тез кунлар ичида ҳал этишини айтди.

 

Сарвиноз Эшалиева,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши сектор мудири.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш