Камбағалликни қисқартириш ислоҳотларнинг муҳим йўналиши

 

Камбағаллик нима ўзи? Камбағаллик қачон тан олинди?

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми?

Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди», деб алоҳида таъкидлаган эди Президентимиз.

Бу йилги Давлат дастури билан танишар эканмиз инсон омили, унинг қадрига қанчалар юқори эътибор қаратилганлигининг гувоҳи бўламиз.

Дастур 274 та банддан иборат бўлиб, бешта йўналиш ичида энг кўп амалга ошириладиган ишлар 3-йўналиш– иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш соҳасида 96 та ҳамда 4-йўналиш – ижтимоий ривожланиш соҳасида 84 та ҳисобланади. Қаранки, дастур муҳокамасида фуқароларимиз томонидан энг кўп таклиф ва фикрлар ҳам мазкур йўналиш яъни ижтимоий соҳага билдирилди. Бир нарса муҳимки, Давлат дастурида белгилаб берилган вазифалар қоғозда эмас, амалда бажарилиши лозим. Бор куч-ғайратимизни шунга сафарбар қилишимиз керак.

Камбағаллик кеча ёки бугун пайдо бўлган тушунча эмас. Китобий тилда камбағаллик бу – меҳнат қилиш, авлодлар узвийлигини давом эттириш, ҳаётий эҳтиёжларни қондириш имкониятига эга бўлмаган шахс ёки ижтимоий гуруҳларнинг иқтисодий ҳолатларини ифодаловчи кўрсаткич дейилар экан. Камбағаллик нисбий тушунча бўлиб, ҳар бир жамиятда қабул қилинган турмуш даражасининг умумий стандартига боғлиқ бўлар экан.

Жаҳон амалиётида камбағалликни аниқлашда беш хил ёндашувда ифодаланади. Яъни, тирикчилик воситаларидан маҳрумлик кўринишидаги камбағаллик, тенгсизлик кўринишидаги камбағаллик, маданий камбағаллик, эксплуатация кўринишидаги камбағаллик ҳамда таркибий камбағалликлардан иборат экан.

 

Таҳлил, сарҳисоб ва режа...

Ўтган йилимиз сархисобида эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилди. Ушбу тизим орқали 527 минг нафар инсоннинг бандлиги таъминланди. Ижтимоий нафақа олувчилар сони 2 баробарга – 1,2 млн нафарга кенгайди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2016 йилга нисбатан бюджетдан 5 баробар кўп маблағ ажратилди.

Ўз-ўзини банд қилган аҳолига солиқ имтиёзларининг берилиши в кўплаб чекловларнинг бекор қилиниши натижасида 500 минг нафар инсоннинг расмий бандлиги таъминланди. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари учун 300 млрд сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди.

Бу йил маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этиладиган бўлди. Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади.

Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади.

Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳоли камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслик кераклиги таъкидланган маърузада бу йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Яъни, унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга)оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.

Кўриниб турибдики, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш бўйича катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўтган йилдаги ишларнинг узвий давоми сифатида жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар янада кенгаяди. Албатта, бундан кўзланган мақсад ҳар бир ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун шароит яратишдан иборат.

 

Камбағалликни қисқартириш Жиззах вилояти мисолида

Камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг ҳар бир ҳудудларида ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Улар томонидан ҳар бир сектор ҳудудида қайта хатлов ўтказилиб, эҳтиёжманд оилалар сони аниқланди ва “Темир дафтар”га киритилиб борилди. Ҳозирги шароитда бир вақтнинг ўзида пандемияга қарши курашиш ҳамда иқтисодиётимизни тиклаш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятида қайта хатлов натижасида 2020 йил якунига аниқланган эҳтиёжманд оилалар сони 17 036 тани ташкил этиб, оила аъзолари сони 75 708 тани, улардаги меҳнатга лаёқатли ишсизлар сони 21 307 тани ташкил этди.

Йил давомида амалга оширилган ишлар натижасида 15 580 та (91.5%) кам таъминланган оиларнинг 21 092 нафар (99,0%) ишсиз оила аъзолари ишга жойлаштирилди.

Шаҳар ва туман кенгашлари қарорлари асосида рўйхатдан чиқарилган оилалар 12 332 тани 72,4% ни ташкил этди. Улардаги иш билан таъминланган меҳнатга лаёқатлилар 17 091 тани 80,2% ни ташкил этмоқда. “Темир дафтар”дан чиқарилгандан сўнг қолган ёрдамга муҳтож оилалар 4 704 тани шундан оила аъзолари сони 18 660 тани, шундан меҳнатга лаёқатли ишсизлар сони 4 216 тани ташкил этмоқда.

Айни кунда вилоятда камбағалликни қисқартириш жараёнида аёллар ва ёшлар ролини ошириш, уларга касб-ҳунар ўргатиш, малака беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, бу борадаги вазифаларни тезкорлик билан сифатли бажармасдан туриб, аёллар ҳамда ёшлар манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш мушкул.

Ислоҳотлар кўлами кенг, шароитлар етарли. Бугун ишлайман, иш ўрни яратаман, оилам даромадини ошираман деган одамга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Хоҳлаган одам дадиллик билан, қўрқмасдан ўз ишини бошлаши мумкин. Ана шу жараёнда депутатлар фаоллик кўрсатса, ҳаммани масъулиятли бўлишга ундаса, одамларнинг ислоҳотларга ва ўз имкониятларига ишончи янада ошади, деб ўйлайман.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш