Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида партия гуруҳларининг ролини янада ошириш керак

 

Бугунги кунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолият самарадорлигини ошириш, унда жамоатчилик иштироки ва назоратини янада такомиллаштириш долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Давлат бошқарувини модернизация қилишда маҳаллий вакиллик ҳокимиятини ислоҳ этиш ва тадқиқ қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда мамлакатимизда икки юздан зиёд маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашлари, туман ва шаҳар Кенгашларидир. Ушбу маҳаллий вакиллик органлари фаолиятининг бугунги ҳолати айрим муаммо ва камчиликлардан ҳоли эмаслиги кўзга ташланиб қолмоқда.

Жумладан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлар ўз фаолиятларини асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда жамоатчилик асосида амалга ошириб келяпти. Маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари ҳам жамоатчилик асосида фаолият юритмоқда. Бу вакиллик назоратини тўлиқ амалга ошмай қолишига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди, албатта.

Маҳаллий Кенгаш сессияларда қабул қилинган қарорларнинг ижроси бўйича ҳам ҳеч қандай таъсирчан чора йўқлигини афсуски, инкор эта олмаймиз. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурларни маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига киритишда ҳам сиёсий партиялар гуруҳларининг фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди. Бу борада амалий натижага эришиш учун партия гуруҳи ўзининг депутатлик назорати механизмларидан тўлақонли фойдаланиши керак, деб ўйлаймиз. Айнан партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашларда қабул қилинадиган қарорларни ҳаракатга келтирувчи асосий “куч” ҳисобланади. Афсуски, бу куч ва ресурсдан оқилона фойдаланилмаяпти.

Президентимиз парламентга йўллаган Мурожаатномасида шундай дейди: “Ҳисоботларга эътибор берсак, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида гўёки ижобий ўзгаришлар юз бераётгандек туюлади, лекин улар фақат рақамларда акс этмоқда, холос. Бизга рақамлар эмас, аниқ натижа керак”.

Дарҳақиқат, тан олиб айтиш керак, аксарият маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид қабул қилинган дастурлар билан бевосита танишиб чиқишмайди. Маҳаллий дастур депутатнинг қўлида турмаса, “кимни”, “нимани”, “қачон” ва “қандай тартибда” каби саволлар туғилганда, у қандай қилиб аниқ ва тўғри жавоб бера олади? Соддароқ қилиб айтганда, нимани назоратга олишни билмайди.

Демак, депутатлари ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган иллатларни бартараф этиш, ўз ваколатига масъулият билан ёндашиши, аҳоли мурожаатларига ечим топиш ва улар манфаатларини ҳимоя қилишда аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқиш, қарорлар қабул қилишда фаоллик кўрсатиши партия электорати манфаатларини таъминлаши лозим.

Бугунги замон партиялар вакиллари, депутатлардан амалга оширилаётган ислоҳотлар иштирокчилари бўлиши билан бирга, уларнинг бевосита ташаббускорлари сифатида майдонга чиқишини талаб қилмоқда. Давр фаолликни, фидойиликни талаб қилаётган бир пайтда афсуски, айрим маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ўзига билдирилган ишончга совуққонлик билан қараб келяпти.

Маълумки, партиямизнинг Ҳаракат дастурида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларни партия гуруҳларимизда ўрганиш, доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш бўйича аниқ вазифалар ва уларни амалга ошириш белгиланган. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, Ҳаракат дастури ижросида барча туман ва шаҳар Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари бирдек фаоллик кўрсатишмаяпти.

Дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш, электорат манфаатларига алоқадор масалаларни партия гуруҳларида, доимий комиссияларда хамда маҳаллий Кенгашларнинг сессияси муҳокамасига киритишда айрим туманлар сусткашликка йўл қўймоқда. Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари, Самарқанд вилоятининг Тайлоқ, Оқдарё туманлари, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидаги депутатларимиз фаолияти бугунги талабларга жавоб бермайди. Айрим масалалар фақат партия гуруҳларида кўриб чиқилиши билан чекланилмоқда. Ҳар бир ҳудудий партия ташкилоти, депутатлардан бу ҳақда чуқур ўйлаб, керакли хулоса чиқариб олиш талаб этилади.

 

Жаҳонгир Олимов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 
← Рўйхатга қайтиш