Хотиржам ўтиришга ҳаққимиз йўқ

 

Хабарингиз бор, яқинда Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини халқимиз ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича 6 та йўналишда 44 та вазифани ўз ичига олган “Йўл харита”си қабул қилинди. Унда, хусусан, аҳолини ўйлантираётган муаммолардан хабардор бўлиш учун ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга кириб бориш, сайловчилар билан очиқ мулоқотларни кўпайтириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

Партиянинг янги – “Депутат маҳаллада” лойиҳаси орқали “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан секторлар кесимида манзилли ишлаш, фаол депутатлар, профессионал тренерлар, психологлар, муваффақиятли тадбиркорлар иштирокида мотивацион тренинглар ҳамда “мастер класс”лар йўлга қўйилади.

Ҳудудларда парламент ва депутатлик назорати асосида аниқланган муаммоларни тезкор ҳамда самарали ҳал этиш мақсадида маҳаллий Кенгашлар сессиялари, зарур ҳолларда, Олий Мажлис палаталари мажлислари муҳокамаси учун масалалар тайёрланади. Барча даражадаги депутатлар корпусининг “туман-вилоят-марказ” тартибида ишлаш тизими жорий этилади.

Шунингдек, ҳозирги изчил ижтимоий сиёсатга мувофиқ тарзда партиянинг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” тузилмалари фаолияти бутунлай қайта кўриб чиқилади, бунда ёшлар ва аёлларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга татбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти”га фаол ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш бўйича партиянинг алоҳида дастури қабул қилинади.

Биз кўпроқ рақамларга тўхталиб, ютуқларимизни кўз-кўз қилишга одатланганмиз. Камчиликларимизни яширишга, муаммоларни ошкор қилмасликка уринамиз. Аслида бу хато қарашдир. Чунки касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дейишади. Шундай экан, муаммони ҳал этишнинг йўли уни тўғри ва холис ўрганиш, кўпчилик муҳокамаси асосида масалага ечим топишдан иборат. Шу мазмунда жорий этилаётган чора-тадбирларни амалга оширишга панжа ортидан қарамасдан, танамизга пухта ўйлаб кўришимиз зарур.

Шунингдек, яқинда партиянинг электорат манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ принципиал масалалардаги сиёсий фаолиятини кучайтириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам даромадли аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантириш устидан тизимли парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш, бу йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқдик.

Олис қишлоқларда ҳам болаларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, спорт, мусиқа ва санъат билан шуғулланиши учун шароит яратилмаган. Партия депутатлик тузилмалари олис қишлоқлардаги болалар учун мўлжалланган маданият муассасалари, спорт иншоотлари, “Баркамол авлод” марказлари, мусиқа ва санъат, спорт мактаблари ҳолатини танқидий ўрганиб, мазкур соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни режалаштирди.

Меҳрибонлик уйларидан чиққан ёшларни ижтимоий ҳимоялаш масаласи бу йил партиянинг алоҳида эътиборида бўлади. Бундай ёшларни уй-жой билан таъминлаш бўйича Давлат дастурида кўзда тутилган маблағдан самарали фойдаланиш, бунинг механизмини ишлаб чиқиш бўйича партия фракцияси вазирликлар, депутатлик гуруҳлари эса маҳаллий ҳокимликлар билан маслаҳатлашувлар ўтказиб, амалий таклифлар тайёрлайди.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш