“Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасида сайёр қабул ташкил этилди

 

Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгашига 5-Гавкушон сайлов округидан ХДП рўйхати асосида сайланган Акбар Фазилов, халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгаши депутатлари Шамсиддин Яшиев, Азиз Маъмуров, Қурсия Шарипова, Алишер Назаров сайловчилар билан сайёр қабул ўтказишди.

Мулоқот чоғида одамлар нафақат ўзларининг шахсий муаммолари, балки ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир таклиф ва ташаббусларини ҳам илгари суришди. Жумладан, кўчаларни ободонлаштириш, моддий ёрдам, бандлик, уй-жой, йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ ўнлаб муаммолар юзасидан 20 га яқин мурожаатлар тушди.

– Оилавий шароитимиз оғирроқ, ишлаб, даромадимиз ошишига ҳисса қўшсам дейман. Уйимиз ҳам анча таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ишга жойлашсам, шу муаммони ҳам ҳал қилиш ниятидаман, – дейди Регистон кўчаси, 2- уйда яшовчи Дилфуза Жумаева.

Дўстлик кўчаси 17-уйда яшовчи Дилноза Саидова ҳам турмуш ўртоғининг бандлигини таъминлаш борасида ёрдам сўради. Ушбу мурожаатлар бандликка кўмаклашувчи марказ ходимлари ҳамкорлигида ўрганилиб, масала тез кунларда ижобий ҳал этилиши айтилди.

Шу куни ҳудуддаги ёшлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. 202 та давлат ташкилоти ва 40 та хусусий корхоналар бўш иш ўринлари билан қатнашишди.Тадбир жараёнида 7 нафар ёшнинг бандлиги таъминланиб, корхоналарга йўлланма берилди.

Сайёр қабул якунида ҳудуд аҳолиси учун тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Тор доирадаги мутахассислар иштирокида ўтказилган тиббий кўрикда 80 га яқин хотин-қиз қатнашди. Кўрик жараёнида мутахассис шифокорлар УЗИ ва ЭКГ текширувидан ўтказиб, касаллик аниқланган фуқароларга амбулатор даво чораларини белгилашди.

 

Шаҳло Бақоева

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш