Глобаллашув жараёнида давлат ва халқ сифатида ўзига хосликни сақлаб қолиш, дунё тамаддунида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиш, тараққиёт ва халқ фарвонлигига эришишнинг энг ишончли асоси, шубҳасиз ёш авлодга берилаётган таълим сифатига боғлиқ.
Сифатли таълим эса, ўз касбининг моҳир мутахассиси – ўқитувчи лаёқати, унинг ўз бажараётган меҳнатига муносабати маҳсулидир. Бу ҳам инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Бугунги кунда республикамизда 10 минг 90 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Ушбу даргоҳларда 502 минг 42 нафар ўқитувчи 6 миллион 168 минг 198 нафар болага таълим-тарбия беришмоқда. 500 мингдан ортиқ болалар эса бошланғич синфларда ўқийди.
Бу рақамлар фарзандларимизни турли салбий ташқи таъсирлардан асраш, уларга зарур шароитлар яратиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш ва иқтидорларини рўёбга чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатларни тамомила янги босқичда, тизимли ташкил этиш қай даражада муҳим ва мураккаб эканини англатади.
Бироқ, айниқса мактабгача ва мактаб таълимини замон талаблари даражасида такомиллаштириш бобида қилиниши лозим бўлган қатор вазифалар ҳам йўқ эмас.
Маълумки, таълим тизими Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади. Қонуннинг “Таълим ташкилотларининг ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш”, деб номланган 7-бобнинг 53-моддаси таълим ташкилотларининг ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини ўзида акс эттирган. Унда таълим ташкилотларининг ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилган. Аммо ушбу қоидани ҳаётга татбиқ қилишда зарур бўлган қонуности ҳужжатларини ёки қонун нормасининг ўзини қайта кўриб чиқишга асос бордек, назаримизда.
Таклифлар тайёрлаш жараёнида бир неча ўқитувчи-мураббийлар фикри ўрганилди ва айнан ижтимоий ҳимоя бобида энг кўп масалалар тилга олинди. Айни ҳолатда, ижтимоий ҳимоя давлат томонидан кафолатланиши эътирофга лойиқ. Бироқ, ўқитувчи-мураббийлар саломатлиги борасида қатор ҳолатлар мавжудки, уларга эътибор қаратишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.
Жумладан, таълим даргоҳларида ходимлар учун санаториялар, уларнинг фарзандлари учун лагерларда ҳордиқ чиқариш, саломатлигини мустаҳкамлашда навбат тизимининг мавжудлиги. Натижада, каттароқ муассасаларда 3 йиллаб навбат кутиш ҳолатларининг юзага келаётгани.
Бу борада юқоридаги модданинг иккинчи хатбошисида “Таълим ташкилотларининг педагог ходимларига қисқартирилган иш вақти давомийлиги белгиланади, ҳақ тўланадиган ҳар йилги узайтирилган таътил ва бошқа имтиёзлар ва кафолатлар тақдим этилади”, деган норма мавжуд.
Бундан англашиладики, ушбу нормани бевосита ижрода қўллаш учун имтиёз ва кафолатлар турини аниқ кўрсатиб ўтиш лозим.
Кейинги хатбошида “Таълим ташкилотларининг педагог ва бошқа ходимларига санитария-гигиенага оид, эпидемияга қарши ҳамда профилактика чоралари билан амалга ошириладиган соғлиқни сақлаш кафолатланади”, деган қоида мавжуд. Ушбу норманинг ҳам ҳаётийлигини таъминлаш учун, алоҳида қонуности хужжати билан тартибга олиш таклиф этилади.
Мисол учун, таълим ходимларини ҳудуддаги тиббий муассасаларга бириктириш, даврий бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, ҳар йили меҳнат таътили даврида соғлиғини тиклаши учун санаторияларга боришини таъминлаш масалалари аниқ қоидалар асосида белгиланиши мақсадга мувофиқ. Шу ўринда, меҳнат таътили учун оладиган пулни ҳам таътил бошланган кунларда бериш масаласини ҳам алоҳида айтиб ўтиш керак.
Маълумки, ёш болалар билан ишлаш, уларни умумий мақсад ва ягона қоида атрофида бирлаштира олиш мураккаб вазифа. Бу катта сабр ва фидоийлик талаб этиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, мактабларда самарадорликни ошириш учун синфхоналардаги ўқувчилар сонини максимум 25 та қилиб оптималлаштириш ва бу кўрсаткични мажбурий ўрнатиш зарурати мавжуд.
Айни пайтда, кўплаб мактабларда бир синфхонада ўқувчилар сони хатто 40-45 тага етаётганини ҳам кузатиш мумкин. Бу эса, дарс сифатига, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасига ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмайди. Зеро, 45 дақиқани ичида барча ўқувчини қамраб олиш, ўқитувчи учун амалда имконсиз. Бундан келиб чиқадики, “синфхонада ўқувчиларнинг энг кўп сони” ёки “ўқувчилар сонининг чекланган миқдори” каби тушунчаларни қонунчилик даражасида акс эттириш замон талабидир.
Соғлом ва ўзига ишонган, асосийси ортида давлат қўллаб турганини, қонун адолатини ҳис этган ўқитувчи-мураббий эса, бор эътиборини самарадорликка қаратади. Бу эса, таълимдаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда сезиларли ижобий натижаларга асос демакдир.
Зулайҳо Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.