Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланади

 

Бугунги кунда Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми ягона қонун билан белгиланмаган. Ушбу муносабатлар асосан 1990-2000 йиллар давомида қабул қилинган 25 дан ортиқ қонун ости ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги ҳужжатларда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми етарлича мустаҳкамланмаган. Уларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, шунингдек, жавобгарлиги чегараси қонун даражасида белгиланмаган.

Маълумотларга асосан биргина 2019 йилда мамлакатимизга 6 млн. 748 минг чет эл фуқароси келган. Уларнинг 412 минг нафарига кириш визалари расмийлаштирилган бўлса, 10305 нафарига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилган. 5130 нафар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг никоҳи қайд этилган, 1615 минг нафари вақтинчалик рўйхатга қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қатор масалалар йиғилиб қолган. Шунинг учун "Ўзбекистан Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми туғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, айни кунларда парламент қуйи палатасида депутатлар томонидан муҳокама қилинмоқда.

Қонун лойиҳасидаги асосий жиҳатлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, унда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг асосий хуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Ўзбекистон Республикасида уларга берилган доимий яшаш гувоҳномаси ёки идентификация ID-картаси асосида доимий яшаши мумкинлиги назарда тутиляпти.

Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистонда сиёсий бошпана бериш тартиби, уларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши, кириши, чиқиши ва ундан транзит ўтиши тартиби мустаҳкамланмоқда.

Яна бир муҳим масала – чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг жавобгарлиги чегараси белгиланмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасида реторсия масалалари, яъни Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларига махсус чекловлар қўйган давлатлар фуқароларига нисбатан Ўзбекистоннинг жавоб тариқасидаги чекловлари тартибга солинмоқда.

Шу билан бирга, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг халқаро ҳуқуқда тан олинган самарали механизмлари яратилмоқда.

Албатта, мазкур қонун лойиҳасини хорижий ва халқаро тажрибани ўрганмасдан қабул қилишни тасаввур қилиш қийин. Шу нуқтаи назардан, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Буюк Британия, Испания, Россия, Туркия, Қозоғистон, Белоруссия, Озарбайжон ва бошқа кўплаб давлатлар тажрибаси ўрганилиб, уларнинг ушбу соҳадаги қонунлари инобатга олинган.

Шунингдек, лойиҳани тайёрлашда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт, "Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги ва "Дипломатик алоқалар тўғрисида”ги конвенциялардан фойдаланилган.

Умуман, ушбу қонун лойиҳаси ҳам ҳуқуқий, ҳам сиёсий жиҳатдан муҳим ҳужжат ҳисобланади. Унинг қабул қилиниши натижасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг хуқуқий мақоми белгиланади. Мамлакатимизда чет эллик ҳамкорлар учун қулай хуқуқий муҳит яратилади, юртимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи янада ортади, республикамиз ташкилотлари томонидан чет эл фуқаролари билан яқин ҳамкорлик қилишнинг шаффоф механизмлари яратилади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш