500 минг янги иш ўрни: таҳлил, таклиф ва мулоҳаза

 

Аҳоли сони ўсиши эҳтиёжлар салмоғи ортиши билан ҳамоҳанг кечиши янгилик эмас. Меҳнат бозоридаги аёвсиз рақобат ва ҳар йили унга кириб келувчи ишчи кучлари сони давлатимиз олдига мунтазам муҳим ижтимоий масалаларни қўймоқда. Уларни бажариш даражасини эса, иш қидириб хорижга кетаётган фуқароларимиз сони белгилаб беришидан кўз юма олмаймиз.

Давлат раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда Давлат дастурлари доирасида ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш орқали 500 мингта янги иш ўрни яратиш зарурлигини қайд этди. Бинобарин, 500 мингта янги иш ўрни шунча инсон ишга жойлашиши, уларнинг ортидан камида икки киши турмуши ўзгариши, натижада ўртача 1 ярим миллион одамнинг турмуши яхшиланишини англатиши оддий арифметика.

Бу ўринда Президент томонидан Ижтимоий тадбиркорлик асослари ва уни рағбатлантириш чоралари тўғрисида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилгани алоҳида эътиборга молик. Зеро “ижтимоий тадбиркорлик” тушунчаси шунчаки, ижтимоий соҳада хизмат кўрсатиш ёки товарлар ишлаб чиқариш ортидан даромад топиш, деган қараш жуда ҳам тор ёндашувдир.

Бинобарин, Мурожаатномада 500 мингта янги иш ўрнини яратиш масаласи айнан мана шу вазифа билан бир қаторда тилга олингани ҳам бунинг тасдиғидир. Ҳолбуки, шу куни 2020 йилда 23 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши ҳамда 206 та янги йирик қувватлар ишга туширилиши ҳам маълум қилинган эди. Демак, фикримизча ижтимоий тадбиркорлик йўналиши орқали сезиларли равишда кўп иш ўрни яратиш устувор вазифа эканига урғу берилмоқда. Хўш, бу соҳада қандай имкониятлар яширинки, давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида қонунчилик асосидан тортиб, уни ижросигача бўлган жараённи йўлга қўйиб, натижасини ҳам шу йилнинг ўзида кутмоқдамиз?

 

Бизда бунга реал имконият борми?

Бу саволга ҳеч иккиланмасдан, “ҳа” деб жавоб беришга асосларимиз етарли. Булар: энг аввало, аҳолининг мустақил фаолиятни йўлга қўйишга эҳтиёжи ва иштиёқи. Боиси, сайловолди учрашувлари давомида гувоҳ бўлдикки, ҳатто ижтимоий шароити жуда оғир хонадонларда ҳам ўз ҳолатини яхшилаш учун ғояси бор ва уларга имкон берилса, камида бир нафар қўшнисини-да банд қила олади. Умид қиламизки, бу йил ҳокимлар ваколатлари қайта кўриб чиқилиши ва фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш бўйича жорий қилинадиган тартиб, рўйхатдан ўтиш жараёнини бирмунча енгиллаштиради. Боз устига, Мурожаатномада энг катта танқидлардан бирини қабул қилиб олган банк тизими ҳам трансформация орқали такомиллашиб, аҳолининг чинакам кўмакчисига айланиши ортидан бундай фуқароларимиз олдидаги ғовлар камаяди.

Иккинчи муҳим жиҳат, ишчи кучи. Тан олиш лозим, содда айтганда, агар оилавий тадбиркорлик ортидан хонадонда учта иш ўрни очилса, оиланинг 4 нафар аъзоси ўртасида талаш бўладиган ҳолатларимиз ҳам бор. Ахир ким ўз уйидан узоққа кетмасдан, ҳаётини хавф остига қўймасдан даромад қилгиси келмайди. Бу ўринда қўшни ва қариндошларни гапирмаса ҳам бўлади...

Учинчи ва асосий ишонч берадиган жиҳат шуки, давлатимизда ижтимоий тадбиркорликни такомиллаштириш учун қулай шароит ҳам етилиб қолган. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижтимоий шериклик масалаларида узоқ йиллик тажриба тўплади. Унинг фаолиятини такомиллаштиришда эса, айнан ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш вазифасини инобатга олиш керак бўлади. Демак шу тариқа олдимизда Ўзбекистон Республикасининг Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги Қонунини пишиқ пухта тайёрлаш ва қабул қилиш масаласи кўндаланг бўлади. Зеро соҳанинг асослари ва уни рағбатлантириш чораларини пишиқ пухта тайёрлаш аввал бошда айтганимиздек, кўплаб иш ўринлари яратиш, демакки минглаб юртдошларимиз ҳаётини реал ўзгартиришдек, пировард мақсадга олиб боради.

 

Намунали тажрибани ўрганиш керак...

Тарихга назар солсак, ижтимоий тадбиркорлик кўп ҳолларда давлатларнинг ижтимоий ҳолати ва иқтисодий зарурияти ортидан ҳаётга татбиқ этилганига гувоҳ бўламиз. Аммо буни бугунги кунда ижтимоий барқарорликнинг мустаҳкам кафолатларидан бирига айлантириб олган Жанубий Корея мисолида кўрсак, мақсадга мувофиқ, назаримизда. Зеро ХХ асрнинг сўнгги декадасида қитъамиз мамлакатлари учун яхшигина муаммо туғдирган Осиё молиявий инқирози таъсиридан ҳимояланиш ва унинг салбий натижасининг олдини олишда ушбу мамлакат томонидан ижтимоий тадбиркорликнинг кенг жорий этилгани ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Корея ҳукумати оммавий ишсизлик даражасининг кескин ортиши ва фуқароларнинг кун кечириши тобора ёмонлашиб қолган паллада оқилона ёндашгани бугунгача ўз сўзини айтиб келмоқда. Бунда 10 йиллик тажриба асосида 2007 йилга келиб, “Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани соҳа ривожига янги нафас берганини ҳам айтиш жоиз. Зеро дунё миқёсида “ижтимоий тадбиркорлик”нинг ягона таърифи (ҳатто бугунги кунга қадар) мавжуд бўлмаган ҳолатда Корея бу қонун билан янги босқичга кўтарилди.

Айни пайтда Жанубий Кореяда давлат миқёсида ижтимоий корхоналарини қўллаб-қувватлаш агентлиги ва Ижтимоий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси фаолият олиб бормоқда. Бу эса, мунтазам равишда соҳани такомиллаштириш ва унда учраётган муаммоларни ўз вақтидан кечиктирмай бартараф этиш имконини беради.

Айнан 2007 йилда мамлакат ЯИМда хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши 71,5 фоизни ташкил этди. Бунда ижтимоий тадбиркорликнинг ўрни катта албатта. 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, Жанубий Кореяда иш ҳақи 7,47 АҚШ долларига тенг. Эътиборлиси, алоҳида “Тижорат кодекси” ишлаб чиққан давлатда бу кунлик эмас, бир соатга тўланадиган ҳақ. 1963 йилда аҳолининг ЯИМ бўйича харид қобилияти паритети 100 $ бўлган ва бу кўрсаткич 2014 йилга келиб, 35 000 $ га кўтарилган, бугунги кунда аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи кичик бизнесда ишлаётган давлат тажрибаси, шу тариқа ўрганиш ва маҳаллий талаб ҳамда шароитдан келиб чиқиб, ўзимизда қўллашга арзийди, назаримизда. Айниқса, ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳасида ижтимоий хизматлар тури, тартиби, аввало аҳолининг заиф қатламлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аъзоларини, жумладан ногиронлиги бор шахсларни доимий иш ўрни билан таъминлаганларга қўлланадиган преференция ва имтиёзлар каби муҳим жиҳатларни алоҳида инобатга олиш лозим. Муҳими, қоидалар тўғридан-тўғри ишласин.

 

Қайси соҳалар ижтимоий тадбиркорликка муҳтож?

Айтиб ўтганимиздек, сайловолди мулоқотлари давомида ва жойларга чиқиш жараёнидаги ўрганишлар, шунингдек, аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган лойиҳаларга эътибор қаратиш лозим.

Масалан, ногиронлиги бор шахслар учун ўзига хос, алоҳида ижтимоий уйлар ташкил қилиш. Содда қилиб айтганда, катталар учун “боғча”. Уйида ногирони борлар билади, кимдир доим қараб ўтириши лозим. Аммо ногиронлиги бор шахсни эрталаб шундай уйларга олиб бориб қўйилса, уларнинг кунлик дастури ўз ичига саёҳат, кўнгилочар тадбирлар, тиббий кўрик, овқатланиш ва дам олиш каби қатор жиҳатларни олган ҳолда тузиб чиқилса... Бу борадаги фикрларни давом эттириш ва хулоса қилишни ўқувчига қолдирамиз.

Яна бир жиҳати, албатта бу хизматлар пулли бўлади. Аммо бир кишининг доимий равишда ишга чиқа олмаслиги ортидан йўқотиладиган маблағдан ва уй шароитида қилинадиган харажатлар сабаб сарф этиладиган суммадан камроқ бўлади тўловлар. Янги иш ўринлари очилади, ва ниҳоят партиямиз электорати вакиллари сўзда эмас, амалда жамиятнинг тўлақонли аъзолари эканини ҳис қилиб яшайди, кафолатли назоратда бўлади кун давомида.

Иккинчи йўналиш, ишлаб чиқариш. Айтайлик, ногиронлар аравачаси ва брайл алифбосидаги китоблар ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтириш. Кўплаб ногиронлиги бор шахслар учун янги иш ўринлари очилиши, энг муҳими, мавжуд ногиронлар аравачаларига бўлган талабни қондириш мумкин.

Шунингдек, уй шароитида ҳунармандчилик билан шуғулланаётган жисмоний имконияти чекланган фуқароларни қўллаб қувватлаш тизимини такомиллаштириш ҳам қатор лойиҳалар ишлаб чиқишга асос бўлади. Асосийси, бу соҳани қўллаб қувватлашнинг молиявий асоси ва ҳуқуқий механизмини пухта тайёрлаш. Бунда грантлар ёки субсидиялар ажратиш, кредитлаш ва давлат буюртмаси каби усулларни жиддий эътиборга олиш лозим бўлади.

 

Нимага эришамиз?

Аввало, ижтимоий барқарорлик. Зотан доимий иши, тайин даромади бор инсон турмуши тадрижий равишда фаровонлашиб боради. Аҳолининг ўзини-ўзи банд қилиш истаги самарали қўллаб-қувватланади. Турмушидан кўнгли тўқ, ўзи ва эртасига ишонган, ватанига суянган ва чиройли яшаётган инсонларни эса, ҳеч қандай ташқи таъсир ёки оқимдан ҳимоялаш шарт эмас. Ўзларидаги иммунитет бунга қодир бўлади. Ўз ватанида, оиласи бағрида даромад қилади. Истакларга имконият яратиб берсак, 500 минг эмас, миллионлаб иш ўринлари яратилади.

Санаб ўтилган барча таклифлар бўйича алоҳида-алоҳида тажрибаларга ҳам эга эканимизни айтиб ўтиш лозим. Демак, ўз тажрибамизни ҳам пухта таҳлил қилиб, тизимлаштириш, ортиқча, бюрократик ғовлардан соҳани тамомила тозалаб қўйиш керак, холос.

Фикримизча, ижтимоий тадбиркорлик қашшоқликни бартараф қилишда ҳам асосий ечим.

 

Зулайҳо АКРАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш