Дунёнинг қатор давлатларида аҳолини босқичма-босқич коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари бошланмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили давлат дастурида бу борада муҳим вазифалар белгиланган.
Эмлаш ишларининг самарали ташкил этилиши халқимиз саломатлиги, шу билан бирга, жамиятимиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорлик нуқтаиназаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шунинг учун бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан парламент эшитуви ўтказилди. Унда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Б.Юсупалиев ҳамда инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов ахборот берди.
Парламент эшитувида Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Эшитув вазирликлар ҳамда депутатлар орасидаги қизғин савол-жавоб, айрим масалаларда баҳс-мунозаралар билан ўтди. Барча сиёсий партиялар фракциялари ўз позицияси ҳамда фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Халқ демократик партияси фракцияси мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида ҳукумат, мутасадди вазирликлар томонидан олиб борилаётган ишларни эътироф этади.
Ҳукумат томонидан тақдим қилинган ахборотни тинглаб, учта муҳим йўналишда таклифларини берди.
Биринчи таклиф: республика махсус комиссияси аъзолари томонидан фуқароларга аҳолини оммавий эмлаш ишлари қачон бошланиши ва қандай тартибда ўтказилиши ҳақида маълумот бериш тизимини йўлга қўйиш зарур.
(Таъкидлаш жоизки, ўтган даврда пандемия оқибатлари ва унга қарши кураш тўғрисида аҳоли мунтазам хабардор этиб борилгани натижасида нотўғри маълумотлар тарқалишининг олди олинган эди).
Иккинчи таклиф: аҳолини эмлаш бўйича ташкилий ва тарғибот ишларида депутатлар фаол иштирок этиши керак. Бу эмлаш ишлари шаффофлигини таъминлайди ҳамда аҳоли ўртасида тарғибот ишларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Учинчи таклиф: хавф гуруҳига кирмайдиган фуқароларга пуллик асосда эмлаш ишларини ташкил этиш ҳақи, тартиби ва назорати қандай бўлиши ҳақида аниқ маълумотлар берилиши жуда муҳим.
Чунки хавф гуруҳига кирадиганларни эмлаш жараёнлари бошланиши билан аҳоли ўртасида эмлаш хизматидан пуллик асосда фойдаланиш истагида бўлган юртдошларимиз сони ошиб кетиши эҳтимоли юқори.
Биз таклиф бериш билан чекланмаймиз, албатта. Бу борадаги ишлар қандай амалга оширилиши, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши мунтазам фракциямиз, парламент назоратида бўлади.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари.