Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам “Соvid-19” вирусига қарши вакциналар билан эмлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳамда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили давлат дастурида бу борада муҳим вазифалар белгиланган. 2021 йил март ойининг биринчи ярмидан тоифалар бўйича эмлаш бошланиши режалаштирилган. Бунга оз муддат қолди, жараёнга ҳамма нарса тайёрми?..
ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан қуйи палатада ўтказилган парламент эшитувида асосан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишлар тўғрисидаги масала қизғин муҳокама этилди.
Маълум бўлишича, республика бўйича хавф гуруҳига кирувчи аҳолини эмлаш ишлари якунланиши ва республикага вакцина келиши билан аҳолининг қолган қисми ҳам эмланади. Яъни, биринчи навбатда 65 ёшдан ошган нуронийлар, сурункали касалликлари бор шахслар, мактаб ўқитувчилари, тиббиёт ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари эмланиши маълум қилинди.
Давлат ташкилотлари томонидан хавф гуруҳига кирувчи аҳоли тизимли равишда эмланиши бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган. Бу масалада масъуллар, тартиб-қоидалар белгиланмокда ҳамда ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Лекин хавф гуруҳига кирмайдиган фуқароларни эмлаш тартиби ҳақида ҳали охирига етказилмаган масалалар, жавобсиз қолаётган саволлар кўп. Бу борада жамоатчиликда ҳам кўплаб саволлар йиғилиб қолган. Хоҳловчи фуқароларни пуллик асосда эмлаш қай тариқа, қандай тартибда олиб борилиши билан боғлиқ масалаларни қисқа вақтда ҳал этиш зарур, деб ўйлаймиз. Чунки, эмлаш тадбирлари бошланган пайтда турли англашилмовчилик, тартибсизлик ҳолатлари, узундан узун навбатлар юзага келиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик зарур. Шу жиҳатдан пуллик асосда эмлаш ишларини ташкил этиш ҳақи, назорати қандай бўлиши ҳақида аҳолига аниқ маълумотлар берилиши муҳим аҳамиятга эга.
Бу борадаги ҳар бир ишга катта масъулият билан ёндашиш, белгиланган чора-тадбирларни сўзсиз бажариш, ушбу йўналишда қатъий депутатлик назоратини олиб бориш талаб этилади. Гап аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни барқарор ушлаб туриш ҳақида кетганда, бунга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз керак бўлади.
Шербек Бўронов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси.