Мамлакатнинг халқаро майдонда тутган ўрни ва нуфузи унинг келгуси ривожланишида асосий омиллардан бири ҳисобланади. Глобал алоқалар даврида ҳеч бир давлат халқаро ҳамжамият билан яқин ҳамкорлик қилмасдан катта ютуқларга эриша олмайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқи, унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар шу жиҳатдан жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Ўзбекистоннинг мазкур Кенгаш аъзоси сифатида биринчи марта иштирок этиши ҳам мазкур нутққа халқаро сиёсатчилар эътибори ошишига сабаб бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида юртимиз кейинги йилларда Кенгашга аъзо бўлиш учун бутун масъулиятни англаган ҳолда интилиб келганини таъкидлади, янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган демократик ислоҳотлар ортга қайтмайдиган тус олганини алоҳида қайд этди.
Нутқда аввало инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туриши таъкидланди. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда «ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойили асосида амалга оширилишига урғу берилди. Бу жараёнда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиямиз асосий дастурий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида гап кетганда, камбағалликка қарши курашиш бўйича бутун давлат ва жамият тузилмалари катта сафарбарлик асосида иш юритаётганини эътироф этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Партиямиз бу йўналишдаги ислоҳотларни юқори баҳолайди ва улар ҳаётга самарали жорий қилиниши учун бутун депутатлик бирлашмалари билан фаол иштирок этади. Чунки инсоннинг устувор ҳуқуқлари амалга ошиши биринчи навбатда унинг турмуш шароити, атрофидаги ижтимоий-иқтисодий муҳитга боғлиқ бўлади. Камбағалликни қисқартириш илм олиш, касб танлаш, меҳнат қилиш билан боғлиқ ҳуқуқларни тўлиқ рўёбга чиқариш имкониятларини кенгайтиради.
Президентимиз ўз нутқида партиямиз Сайловолди дастурида алоҳида илгари сурилган айрим масалаларга яна бир бор эътибор қаратганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Хусусан, нутқда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш масаласи кутилаётгани, Ўзбекистон ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этиши маълум қилинди.
Ушбу Конвенцияга “йигирма биринчи асрда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи шартнома, ҳалқаро қонун тарихида инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги энг тез келишилган шартнома”, деб таъриф берилиши бежиз эмас. Конвенция имзолаш учун очилган кундан бошлаб ҳар қандай бошқа инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциялардан ҳам кўпроқ имзоларни қабул қилган. Шунинг учун у инсон ҳуқуқлари соҳасида дунёдаги энг муҳим ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Конвенция давлатларга ногиронлиги бор одамларни ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш мажбуриятларини кўрсатиб беради.
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари йўналишидаги стратегик мақсадлари ҳамда партиямиз дастуридан келиб чиқиб, парламентга фракциямиз ўз фаолиятида мазкур Конвенцияни ратификация қилиш жараёнларини янада жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратди.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари