Қарши шаҳри: эзгу ишлар, хайрли ташаббуслар сари муҳим қадамлар...

 

Ёшларни ҳар томонлама баркамол ва эзгу фазилатлар эгаси этиб тарбиялаш жамиятимиздаги ислоҳотларнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Шу маънода мамлакатимизда эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини ўстириш, адабиётга ошно қилишга катта эътибор қаратиляпти. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки маънавий комиллик кишида яхши фазилатларни шакллантиради, уни эзгу мақсадларга илҳомлантиради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 майдаги қарорига мувофиқ, Қарши шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов номини абадийлаштириш ва ўқувчи-ёшлар ўртасида она-тили ва адабиёт фанини чуқур ўрганишга қобилиятли ўқувчиларни танлаш, уларнинг истеъдодини янада ривожлантириш мақсадида мактаб-интернати ташкил этилган эди.

Куни кеча Қашқадарё вилоятидаги партиямиз фаоллари билан биргаликда ушбу масканга бордик, ўқитувчилар, ўқувчилар билан самимий, дилдан суҳбат қурдик.

Бугунги кунда бу ерда 25 нафар ўз касбининг мутахассис педагоглари 147 нафар ўқувчига таҳсил бериб келмоқда. Суҳбатимиз асносида шунга амин бўлдимки, таълим масканининг 3 йиллик фаолияти кўплаб ижобий натижаларга бой бўлган.

Маълум бўлишича, “Ёш китобхон”, Бутунжаҳон болалар кунига бағишланган кўрик-танлов ва конкурсларда, турли йўналишларда ўтказилган ижодий ишлар танловларида 20 нафардан ортиқ ўқувчи, вилоят бўйича ўтказилган турли мусобоқаларда 52 нафар ўқувчилар ғолибликни қўлга киритишган.

2019 йилда 10 – синф ўқувчиси Эъзоза Алишерова Япония давлатида бўлиб ўтган Халқаро симпозиумда иштирок этган. Шу йили ушбу фаол ўқувчи Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Худди шу йили мактаб “Обод мактаб” лойиҳасида ҳам ғолибликни қўлга киритди.

Ўзаро мулоқотимиз давомида таълим муассасида ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш, истеъдодини тўлиқ намоён этиши учун барча шароитлар яратилганига амин бўлдик. Иқтидорли ўқувчилар республикамиздаги кўплаб тадбирларда иштирок этиб келмоқда. Ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг шеърлари газета ва журналларда доимий тарзда эълон қилиб келинмоқда.

Шу куни таълим даргоҳидан бир олам таассуротлар билан қайтдик. Ёшларнинг зукколиги, истеъдод ва қобилияти, тўғриси, бизни лол қолдирди. Ҳар бир ёшда буюк шоир А.Орипов номига муносиб бўлиш, буюк ота-боболарига муносиб ворис сифатида камолга етиш ҳисси, интилиши бор. Бу бизни беҳад қувонтирди.

“Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади”, деган эди Президентимиз. Ҳақиқаттан ҳам, ижод, адабиёт, яратиш иштиёқи инсонни фақат ва фақат эзгулик ҳақида ўйлашга, яхшилик қилишга даъват этадади. Чунки, унинг моҳиятида, замирида маънавият бор, тафаккур бор. Маънавий олами кенг инсоннинг ички, ботиний, яширин дунёсида асло ёмонлик бўлмайди.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари билан Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини 30 йиллик байрамига таёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш мақсадида олиб боирлаётган ишларни ўрагниб чиқдик.

Ишчи гуруҳи билан шаҳардаги замонавий, барча қулайликларга эга "IT ёшлар маркази" фаолияти билан танишдик. Марказнинг моддий-техника базаси, ёшлар учун яратилган шароитларни ўргандик.

Айтиш керакки, ўғил-қизларимизнинг ташаббус ва ғояларини бирлаштириш, қобилиятини ўстиришда бундай марказларнинг алоҳида ўрни бор. Қашқадарёда 18-30 ёшгача бўлган ёшлар сони 800 мингга яқинни ташкил этади. Демак, ушбу маскан Қашқадарёлик минглаб ёшларни бирлаштиради, турли хил тўгараклар орқали уларнинг истеъдодини юзага чиқаришда, касб-ҳунарга меҳр уйғотишда катта ўрин тутади, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳи шаҳардаги "Заргарлик мактаби"нинг фаолияти билан танишди.

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан 2020 йил 13-ноябрь кунидан республикада биринчи Заргарлик мактаби фаолиятини бошлади. Ушбу мактабда ўзбек миллий заргарлик буюмлари ва замонавий заргарлик буюмларини тиклаш ва тайёрлаш ишлари ўргатилади.

Шу куни бу ердаги фаолият олиб борган заргарлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, соатсозлик, миллий либослар тикиш ва гилам тўқиш ишлари билан шуғулланувчи ҳунармандлар билан суҳбатлашдик. Яратилган шароитлар билан танишдик, янги иш ўринлари яратиш имкониятларини ўргандик.

Ушбу мактабнинг ташкил этилиши нодир мерос, бетакрор анъаналаримизни асраш, уларни кейинги авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Яна бир муҳим томони, миллий ҳунармандчилигимиз, қадриятларимиз юксалиши туристлар оқимининг икки баробар ошишини таъминлайди.

Умуман олганда, Қарши шаҳри мустақиллигимизнинг 30 йиллигига катта ўзгаришлар, янгиланишлар билан қадам қўйиш ниятида. Одамларда ҳам яратиб яшашга иштиёқ жуда кучли. Бунёдкор ғоялар бор жойда ўсиш, тараққиёт бўлиши аниқ.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчиоик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш