Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мамлакатда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларига кенг эътибор қаратди.
Маълумки, Ўзбекистон кейинги йилларда очиқ сиёсатни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда жаҳонга юз тутмоқда. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга аъзо бўлиш учун инсон ҳуқуқлари борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Яқин-яқингача Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари борасидаги фаолиятига кескин эътирозларни билдириб келаётган жаҳон ҳамжамияти бугун мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсади инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилаётганига илиқ муносабатда бўлмоқда.
Дарҳақиқат, сўнгги тўрт йилда босқичма-босқич гендер сиёсатида мувозанатни сақлаш, алоҳида эҳтиёжга эга шахслар, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш, сўз эркинлигини таъминлаш, энг асосийси мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширилди.
Халқ билан ишлаш, аҳолининг ҳар бир мурожаатига бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Мамлакатимизда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши тамойили амалиётда ўз исботини топмоқда.
Давлатимиз раҳбари жорий йилда БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш масаласини илгари сурди. Бу бутун Ўзбекистон ёшларини тўлқинлантириб, уларни қизиқиш ва иштиёқини янада кучайтирди, десам ҳеч муболаға бўлмайди. Юртимизда Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрилаётгани эса, ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириб, эзгу мақсадлар сари етаклайди.
Бир сўз билан айтганда, қайсики мамлакатда инсон қадр топса, фикрини эркин баён эта олса, шундагина изланувчанлик, яратувчанликка йўл очилади, давлатга ишончи ва энг муҳими ҳаётга қараши тубдан ўзгаради. Буларнинг барчаси одамларда ҳаётдан розилик кайфиятини шакллантиради.
Аброр Қурбонов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.