Депутат ёшлар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан «Депутат ва ёшлар» лойиҳаси доирасида учрашув ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «1+1» лойиҳаси бўйича «Ёшлар дафтари»га киритилган йигит-қизларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган ушбу тадбир Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Обиджон Саидов билан «Export fish produkt» МЧЖда бўлиб ўтди.

Дастлаб ЎзХДП вилоят кенгаши раиси М. Нуруллаев сўзга чиқиб, малакатимизда баркамол авлод вакилларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида ўз фикрини баён қилди.

Ёш депутат ва тадбиркор С. Обиджон йиғилганларга ўз фаолияти тўғрисида қисқача маълумот берди ва кўпроқ ёшларни ўйлантираётган муаммолар ва масалалар хусусида эшитишини айтди. Шундан сўнг карманалик ёшлар бирин кетин ўз фикрларини баён қилишди.

Хусусан, «Варқ» МФЙда яшовчи, ишсиз Азизбек Аслонов қолипли нон ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи эканлигини, бунинг учун зарур ускуналар борлигини, лекин ун маҳсулотларини харид қилиш учун маблағи йўқлигини айтди. Бу йигитга депутат маҳсулот олиб беришга кўмаклашишини баён қилди. Шу маҳаллада истиқомат қилаётган Муҳиддин Ҳусенов чорвачиликни йўлга қўйиш мақсадида кредит олишда амалий ёрдам беришларини сўради. Бу борада депутат кедит олиш тартиби ва уни расмийлаштириш бўйича ўз фикрини баён қилди.

«Айрончи» МФЙда яшовчи Билол Бердиқулов шлакоблок ускунасини олишда ёрдам беришларини илтимос қилди. Унга депутат бу жуда ҳам жиддий муаммо эмаслигини, қўлидан келганча ёрдам беришини айтди. Шу маҳаллада истиқомат қилаётган Гулнавоз Аҳмедова ҳозирги кунда ҳовлисида иссиқхона ташкил қилганлиги хусусида гапирди.

– Рўзғоримиз катта, – дейди Г. Аҳмедова. – Лекин ҳеч ким ишламайди. Оиламизда кўпчилик истиқомат қилаётганлиги учун иссиқхонадан топган даромадимиз камлик қиляпти. Шунинг учун қўшимча иш – балиқчилик фаолиятини ҳам йўлга қўймоқчиман. Бунинг учун уйимизда шароит бор.

Ушбу таклиф депутат томонидан қўллаб-қувватланди ва ўзининг фаолияти ҳам балиқчилик билан боғлиқ бўлганлиги учун Гулнавознинг мурожаати тез кунларда ижобий ҳал этилишини таъкидлади. Тадбиркор бу бўйича ишларни кечиктирмасдан бошлаш зарурлигини ишчиларига уқтириб, топшириқ берди.

Шунингдек, мулоқот жараёнида ёшлар паррандачилик, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш юзасидан мурожаат қилишди.

Тадбир сўнгида 7 та йўланишда фаолият олиб бораётган тадбиркор ёшлар учун мастер класс ҳам ўтиб берди ва балиқхона фаолияти билан яқиндан таништирди.

– Шу ўқув йилида талабалик бахтига муяссар бўлдим, – дейди «Айрончи» МФЙда яшовчи Маржона Абдуллаева. – Ўқишга шартнома асосида қабул қилинганлигим учун уни тўлашга қийналиб қолдик. Ёрдам беришларини сўраб, депутатга мурожаат қилган эдим. У кишининг кўмаги билан банкдан кредит олиб, паррандачиликни йўлга қўйдим. Ҳозирги кунда 250 дона товуқларни парвариш қиляпман. Уларга қарашни анча ўрганиб олдим. Даромад олганлигимдан хурсандман. Яна 300 та товуқ боқиш учун жой тайёрладик. Ушбу учрашувдан ўзим учун керак бўладиган, фаолиятимга ас қотадиган тушунчаларни олдим. Бир нарсага қўл урмоқчи бўлган одам ҳеч нарсадан қўрқмаслигини билдим. Депутатимизнинг айтган гаплари бизга кўтаринки кайфият улашиб, янада шижоат билан ишлашга ундади.

 

Хуршида Нарзиева,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш