Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг ратификация қилиниши тарихий воқеа бўлади

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамкорликда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш - барчамизнинг бурчимиз!” мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Маълумки, 22 февраль куни ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида дунёнинг етакчи сиёсатчилари бугунги кунда долзарб бўлиб турган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида 8 та йўналиш бўйича таклиф-ташаббусларини илгари сурди, уларнинг барчаси кенг жамоатчилик, парламент аъзолари томонидан алоҳида эътибор билан кутиб олинди.

Давра суҳбатини очар экан, ЎзХДП фракцияси раҳбари У.Иноятов Президентимиз нутқида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш масаласи қайд этилиши ўзига хос тарихий воқеа эканини таъкидлади. Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, уларни жамиятга интеграциялаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганини аниқ мисоллар асосида изоҳлаб берди.

Кейинги йилларда миллий қонунчиликка ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, илм ўрганиши, касб танлаши, ҳунар ўрганиш борасидаги ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича Меҳнат кодексига, Таълим тўғрисидаги қонунга янги меъёрлар киритилди. Шаҳарсозлик кодексида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун, ижтимоий объектларга эмин-эркин кириб чиқиши учун шароит яратиш масалалари кўзда тутилди.

2020 йил 15 октябрь куни эса давлатимиз раҳбари “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги тарихий қонунни имзолади. Мазкур қонун орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича мутлақо янги тизим яратилади.

Мисол учун, қонун асосида ногиронлиги бўлган шахсларни энг кўп қийнаб келаётган масала – тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар тартибида имтиёзли даволанади, протез-ортопедия анжомлари билан таъминланади. Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади.

Юқорида қайд этилган барча ислоҳотлар мамлакатимизда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишга катта тайёргарлик кўрилганининг амалий тасдиғидир. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида бу масалани алоҳида таъкидлаши юртимиздаги ислоҳотлар янада такомиллашиб, янги босқичга кўтарилишини англатади.

Давра суҳбатида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, партия фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ушбу Конвенцияда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ва бу ҳуқуқлардан бошқалар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини кафолатлаш тамойиллари белгилаб қўйилган.

Конвенцияда ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш, саломатликни сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётда, дам олиш ва спорт билан шуғулланишда иштирок этиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш, ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган, шу билан бирга, уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.

Мазкур муҳим ҳужжатнинг ратификация қилиниши унинг қоидаларини қабул қилган давлат зиммасидаги масъулиятни янада оширади. Шунинг учун давра суҳбатида депутатлар ҳозирги босқичда Конвенциянинг қатор нормалари акс этган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг ижроси юзасидан парламент ва депутатлик назоратини изчил қўйиш зарурлигини таъкидлашди.

Қонун талабларининг ҳудудларда қандай ижро этилаётгани бўйича назорат-таҳлил тадбирлари ўтказиш, республикадаги умумий ҳолатни танқидий таҳлил қилиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди. Бу ўрганишлар халқаро Конвенцияни ратификация қилишга тайёргарлик ва мослашув жараёнларини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Шунингдек, давра суҳбатида Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти раиси Эргаш Норпўлатов, Ўзбекистон Карлар жамияти раиси Жавоҳир Рихсиев мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётганлар ислоҳотлар ҳақида аниқ мисоллар келтирди. Ечимини кутаётган муаммолар бўйича таклифларини ҳам берди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида илгари сурилган таклиф-ташаббуслар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тарғибот-тушунтириш ишларини самарали ташкил этиш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича парламент ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш ҳақида вазифалар белгилаб олинди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш